Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд жараёнида блогерлик фаолияти билан шуғулланган Отабек Сатторийга оид жиноят иши кассация тартибида берилган шикоят асосида кўриб чиқилди, дея хабар қилди Олий суд расмий вакили Азиз Абидов.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 5 апрелдаги ажрими билан Отабек Сатторийга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукми ҳамда Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 15 июлдаги ажрими ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

«Газета.uz» суд Отабек Сатторийни туҳмат ва товламачиликда айбдор деб топиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилгани, шунингдек, блоггер ва «Termiz Eko Ekspress» МЧЖ раҳбари ўртасида тузилган иккита квартирани сотиш бўйича шартномаларни ҳақиқий эмас деб топгани ҳақида ёзган эди. Унинг адвокати Умидбек Давлатов ҳукмни «мутлақо адолатсиз» деб атади. Блоггернинг ўзи «Сурхондарёда на ҳақиқат, на адолат бор», деди. Июл ойида апелляция суди блоггерга нисбатан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган, бироқ Термиз шаҳридан сотиб олган икки хонадонни қайтариб беришга қарор қилган.

2021 йилнинг 29 январида Сурхондарё вилояти Термиз ИИБ ходимлари блогер Отабек Сатторийни ҳибсга олган эди. Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир кишини мажбуран машинага ўтирғизиб, олиб кетгани акс этган видеоёзув тарқалди. Дастлаб Жиноят иши 165-модданинг 1-қисми (товламачилик) билан қўзғатилиб, сўнгра ушбу модданинг 2-қисмига қайта таснифланган, кейинчалик янги айбловлар қўйилганди.