Ўзбекистонда генетика соҳасининг етакчи намояндаси, Фанлар академияси академиги Абдумавлон Абдуллаев 8 декабрь куни 92 ёшида вафот этди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв унинг оиласи ва яқинларига таъзия билдирди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

«Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Абдумавлон Абдуллаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади хабарда.

Абдумавлон Абдуллаев 1930 йилнинг 13 июлида Наманган вилоятида туғилган. 1952 йили Ўрта Осиё давлат университетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Ўсимликшунослик илмий текшириш институти Ўрта Осиё тажриба станция кичик илмий ходими лавозимида бошлаган. 1961 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

«Олим ўзининг қарийб 70 йиллик илмий фаолияти давомида Фанлар академиясида фидойилик билан меҳнат қилди. Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти кичик, катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, ЎзРФА Президиумининг қишлоқ хўжалиги фанлари бўлими раиси ҳамда умрининг сўнгги кунларигача институти бош илмий ходими лавозимида самарали фаолият кўрсатиб, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди», — дейилади хабарда.

У илмий фаолияти давомида ғўза генетикасининг фундаментал асосларини ривожлантиришга ҳисса қўшган. Олим яратган илмий мактаб асосида ғўзанинг бир қатор янги навлари кашф этилди ҳамда генетика селекциясида ғўзанинг ёввойи турларидан фойдали донорлар сифатида фойдаланиш имконияти яратилди.

Академик Абдумавлон Абдуллаевнинг мамлакат илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» (1980), «Меҳнат шуҳрати» ордени (2003) «Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти» (2011) билан мукофотланган.