Истеъдодли драматург, сценарист Шароф Бошбеков 26 январь куни 71 ёшида оламдан ўтди, дея хабар қилди ЎзА.

Шароф Бошбеков «Тушов узган тулпорлар», «Эшик қоққан ким?» (1987), «Тақдир эшиги» каби комедия ва драма, «Темир хотин» (1989), «Қасосли дунё» қисқа метражли фильм сценарийларининг муаллифи. Ёзувчи «Эски шаҳар гаврошлари» (1998) номли жиддий комедия яратган.

Шунингдек, у «Шариф ва Маъруф», «Юзсиз» (1993), «Тилла бола» (1994) каби фильмларнинг сценарийларини ёзишда ҳам иштирок этган. У «Масхарабоз» (1996), «Фарҳод ва Ширин» фильмларининг сценарисини ёзиш баробарида режиссёр сифатида ҳам ижод қилган. «Чархпалак» номли 60 қисмли видеофильми ўзбек томошабинлари қалбидан ўрин олган.

Шунингдек, «Тентак фаришталар» (1995), «Зўрдан зўр чиқса» (1996) каби саҳна асарларини ёзди. Унинг «Темир хотин» асари 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг М.Шайҳзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ деб топилди. 1990 йилда эса унга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. У «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.