Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев 10 апрель куни 81 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда унинг қизи Муқаддас Саъдуллаева Instagram-саҳифасида маълум қилди.

Актёр бир неча кун аввал шифохонанинг жонлантириш бўлимига оғир аҳволда жойлаштирилган, кейинроқ эса комага тушиб қолган эди.

Лутфулла Саъдуллаев 1940 йил 18 декабрь куни туғилган. Тошкент театр ва рассомчилик санъат институтини тамомлаган (1965 йил). 1963−2007 йилларда Абдулла Қаҳҳор номидаги сатира театрларида ижод қилган. 2008 йилдан буён Ёш томошабинлар театрида фаолият кўрсатиб келаётган эди. Фаолияти давомида 200 га яқин спектаклларда роллар ижро этган.

Актёр, шунингдек, «Беш қисмат», «Осмондаги болалар», «Фотима ва Зуҳра», «Цунами» ва бошқа бадиий фильмлар, «Баҳор қайтмайди», «Тақдир», «Уч илдиз», «Оталар сўзи», «Шайтанат» каби видеофильм ва сериалларда ҳам 500 дан ортиқ турли ролларни ижро этган.