25 февраль куни Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, агроном Иброҳим Файзуллаев 89 ёшида вафот этди.

Президент Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ва Фанлар академияси раиси Беҳзод Йўлдошев марҳумнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди.

«Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг улкан намояндаси, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Иброҳим Файзуллаевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади ЎзАда эълон қилинган таъзия мактубида.

Иброҳим Файзуллаев 1933 йилнинг 25 августида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. У меҳнат фаолиятини 1949 йилда Денов туманининг Собир Раҳимов номидаги жамоа хўжалигида оддий ишчи сифатида бошлади. Қолаверса, кўп йиллар мобайнида энтомолог-агроном, бош агроном ҳамда хўжалик раиси, Сурхондарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош агрономи каби лавозимларда ишлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатган.

Иброҳим Файзуллаевнинг 1993 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими» ҳамда 1996 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвонлари билан тақдирланган эди.