Таниқли археолог, академик, тарих фанлари доктори, профессор Эдвард Васильевич Ртвеладзе 80 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти хабар бермоқда.

Эдвард Ртвеладзе Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини, Буюк Ипак йўлининг эски ва янги маршрутларини ўрганиб чиққан. Ўзбекистонда ва хорижда чоп этилган 800 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

У 1942 йилда Грузиянинг Боржоми шаҳрида таваллуд топган. 1967 йилда тарихчи-археолог мутахассислиги бўйича Тошкент давлат университетини тамомлаган. Кейинчалик Москвада докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Илмий фаолияти учун 1985 йилда «Беруний» номидаги Давлат мукофоти, 2001 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени, 2003 йилда «Меҳнат шуҳрати» ва 2017 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени, билан тақдирланган.

Эдвард Ртвеладзенинг ишлари Франция, Япония, Англия, АҚШ каби хорижий мамлакатларда чоп этилади. У Вашингтон, Лондон, Париж, Турин, Никосия, Осака, Киото, Токио, Стокгольм, Москва, Цюрих ва бошқа шаҳарлардаги университетлар ва илмий муассасаларда маърузалар қилган.

Эдвард Ртвеладзе томонидан сўнгги йилларда қилинган энг таниқли археологик топилмалардан бири — Окс Александрияси порт шаҳри бўлиб, у Сурхондарё ҳудудида милоддан авалги IV асрдан милодий I асргача мавжуд бўлган.

Кампиртепа шаҳарчаси 1972 йилда Эвард Ртвеладзе томонидан Амударё водийси археологик обидаларини ўрганиш жараёнида очилган.

Ёзма манбалар ва хариталардаги маълумотлар, археологик материалларни ўрганиш давомида 2019 йилда академик Кампиртепа — Македониялик Александрнинг йўқотилган Окс Александрияси шаҳри эканлиги ҳақида хулосага келган.

«Бу бизнинг таниқли академигимиз Эдвард Ртвеладзе раҳбарлиги остида қилинган улкан иш. Бу 40 йиллик меҳнат. Кампиртепа Окс Александряси деб тан олиниши — Эдвард Ртвеладзенинг ҳаёти ва меҳнати натижаси. Ҳа, маълум бир баҳслар мавжуд. Лекин бугун Термизга халқаро археологик-туристик форумга 40 дан ортиқ мамлакатлардан келган олимлар пленар йиғилиш давомида бизнинг олимларимизнинг фикрини ишонч билан қўллаб-қувватлашди», — деган эди 2019 йилда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz»га.