Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 28 июнь куни 73 ёшида вафот этди. Унинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Иброҳим Ҳаққулнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия таъзия билдирди.

Уюшма берган маълумотга кўра, Иброҳим Ҳаққул 1949 йил 28 мартда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1966−1970 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган.

1970−1972 йилларда «Шофиркон ҳақиқати» газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган. Унинг «Навоий ва Мавлоно Ашраф», «Дарё каби ҳамиша уйғоқ…» каби илк адабий мақолалари ушбу газетада босилиб чиққан.

Олим 1972 йилдан ҳозирга қадар ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида фаолият юритган.

Иброҳим Ҳаққул 1976 йили «Ўзбек адабиётида рубоий» мавзусида номзодлик, 1995 йили «Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Дастлаб унинг «Ўзбек адабиётида рубоий» (1981), «Увайсий шеърияти» (1982), «Бадиий сўз шукуҳи» (1987) китоблари нашр этилган бўлса, кейин «Занжирбанд шер қошида» (1989), «Шеърият — руҳий муносабат» (1989), «Абадият фарзандлари» (1990), «Тасаввуф ва шеърият» (1991), «Камол эт касбким…» (1991), «Ғазал соғинчи» (1991) каби 20дан ортиқ китоблари босилиб чиққан.

У рус тилидаги икки жилдлик «История узбекской литературы» китобининг муаллифларидан бири ҳисобланади.

Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида Иброҳим Ҳаққулнинг адабий жараёнда фаол иштирок этган.

Шунингдек, Абдулҳамид Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим» (1988), Хожа Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар» (1991) мажмуасини, шогирди Сайфиддин Рафиддинов билан ҳамкорликда «Боқирғон китоби» (1991), «Меърожнома» (1995) каби узоқ муддат нашр этилмай келинган асарларни ўқувчиларга етказган.

Кейинги йилларда у «Аҳмад Яссавий», «Ким нимага таянади?», «Эътиқод ва ижод», «Тасаввуф сабоқлари», «Тақдир ва тафаккур», «Мерос ва моҳият» деб номланган рисола ва китобларини чоп эттирган.

Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Вилям Шекспирдай даҳо санъаткорларнинг ўзбек тилига ўгирилган китобларига салмоқли сўзбоши ва сўнгсўзлар ёзган.

Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний"сидан танланган шоҳбайтларнинг алоҳида китоб ҳолида чиқарилгани ҳам эътиборга моликдир.

Кейинроқ Иброҳим Ҳаққулнинг «Ижод иқлими» ва «Мушоҳада ёғдуси» номли китоблари ҳам босилиб чиққан.

У 1996 йилдан «Қадимги давр адабиёти», 2001 йилдан буён «Ўзбек адабиёти тарихи» бўлими мудири сифатида фаолият кўрсатиб келган.

Олим Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Ўзбек тили ва адабиёти», «Тафаккур», «Нақшбандия» журналлари таҳрир ҳайъатлари аъзоси эди.

Унинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбойжон, тожик ва рус тилларига таржима қилинган. Кейинги йилларда олимнинг «Навоийга қайтиш» деб номланган 2 жилдлик китоби босмадан чиққан.