7 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисмида (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган судланувчилар Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насреддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бошланди.

Жиноий иш судья Зафар Нурматов раислиги остида кўриб чиқилмоқда. Суд томонидан суд жараёни иштирокчиларининг ҳозир бўлгани текширилди, суд таркиби, томонлар эълон қилинди, рад қилиш ҳуқуқи тушунтирилди, судланувчиларнинг шахси ва уларга айблов хулосаларининг нусхалари берилган вақт аниқланди, иш бўйича судланувчилар ва томонларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди.

Суд терговини бошлашдан олдин раислик этувчи аризалар ва илтимосномалар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани аниқлади.

Адвокат Сергей Майоров томонидан судланувчи Бобомурод Абдуллаевга нисбатан суд-тиббий экспертизасини тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритилди ва ушбу илтимоснома тегишли тартибда суд томонидан қаноатлантирилди.

Сергей Майоровнинг «Газета.uz"га хабар қилишича, у 2017 йил 27 сентябрда қўлга олинган Бобомурод Абдуллаев билан Миллий хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида икки марта учрашган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳимояланувчи «МХХ ходимлари бир неча марта уни қийноққа солиб, уришган, тан жароҳатларини етказишган, жисмоний ва руҳий зўравонлик қўллаб, у содир этмаган жиноятларни амалга оширганини тан олишга мажбурланган, ҳатто бошқа шахсларга нисбатан ёлғон кўрсатмалар беришга эришишган. Ушбу тафсилотлар Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаевга юборилган аризада кўрсатиб ўтилган.

«Аризада уни уриб, қийноққа солган МХХ ходимлари исм-шарифлари келтирилган. Ва у (Бобомурод Абдуллаев — таҳр.) шу муносабат билан уларга нисбатан жиноий иш очишни сўраган. Уни қийнашган, бироқ 27 сентябрдан 5 ноябргача. Шундан сўнг уни қийноққа солишмаган… Бугунги мажлисда улар иш материалларига қўшиш учун мазкур аризани қабул қилиш тўғрисидаги даъвоимни қондиришди», — деди у.

Бобомурод Абдуллаевнинг асосан чап қўлида гематома ва шилиниш кўринишидаги қийноқ асоратлари сақланиб қолган. «У ерда кўкариш эмас, гематомалар бор. У нима учун чап қўлида эканига ойдинлик киритди: уни ўнг қўлидан кишанлаб, чап қўлига уришган ва „ҳужжатларга қўл қўйишинг учун ўнг қўлинг бизга керак“, дейишган», — деди адвокат.

Сергей Майоровнинг қайд этишича, унинг ҳимояси остидаги шахсга олти сутка давомида ўтириш, ётиш ва ухлашга қўйишмаган. «Унинг умуртқаси билан катта муаммоси бор. У эгилган ҳолда ўтиради, у тўғри ўтира олмайди. Мен судья қароридан шикоят қилмоқчиман, чунки у менинг умуртқа тўғрисидаги мурожаатимни ҳисобга олмади», — дея таъкидлади ҳимоячи.

Судьялар тан жароҳатлари, уларнинг характери ва оғирлигини аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертизасини тайинлади. «Суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши билан бизга келгуси мажлис тўғрисида хабар қилишади», — дея маълум қилди Сергей Майоров.