Таниқли спорт журналисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Республика тоифасидаги ҳакам Ахбор Имомхўжаев 86 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда унинг набираси, ЎзПФЛ директори Диёр Имомхўжаев маълум қилди.

Ахбор Имомхўжаев 1936 йил 19 февралида Тошкентда таваллуд топган. 1954−1956 йилларда Тошкент вилояти Педагогика билим юртида таҳсил олган. 1959 — 1963 йилларда Жисмоний тарбия институти футбол бўлимини тамомлаган.

Институтдан сўнг маълум муддат Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 83-мактабда дарс берди, кўп ўтмай Жисмоний тарбия институтига таклиф этилди. Кейинчалик Жисмоний тарбия ва спорт қўмитасида ёшлар бўлими раҳбари, Футбол федерациясида ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси бошлиғи, «Пахтакор» жамоаси бошлиғи, «Спорт» газетасининг Футбол бўлими раҳбари лавозимларида фаолиятини давом эттирди.

У 1956 йилда пойтахтда илк бор қурилган «Пахтакор» стадионида ўзбек тилида шарҳловчилик ҳам қилган. Телевидение орқали илк шарҳи эса 1960 йилга тўғри келган. «Футбол қувончим, дардим, фахрим», «Мафтунингман футбол», «Ўзбегимнинг Миржалоли», «Аср футболидаги асл қадрдонларим» каби китоблар муаллифи.

Ахбор Имомхўжаев 1996 йилда «Шуҳрат» медали, 2006 йилда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи фахрий унвонига сазовор бўлган.