18 январь куни Ўзбекистон фан арбоби, Фанлар академияси академиги, ўзбек адабиётшунослигидаги йирик олим Бахтиёр Аминович Назаров 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар берди.

Wikipedia маълумотларига кўра, Бахтиёр Назаров 1945 йилнинг 17 сентябрида Тошкентда туғилган, 1966 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган.

У Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, илмий котиб (1969−1972; 1979−1983 йиллар), директор (1986−1990 йиллар), бўлим мудири (1990 йилдан), Ўзбекистон Фанлар академияси Бош илмий котиби ўринбосари (1973−1979 йиллар), вице-президент вазифасини бажарувчи (1999−2000 йиллар) лавозимларида фаолият юритган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси (1990−1992 йиллар), олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари (1992−1994 йиллар), «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг бош муҳаррири (1986−1994 йиллар) сифатида ишлаган.

Бахтиёр Назаровнинг илмий ишлари ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиёти, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва адабий алоқа масалаларига бағишланган. У ўз тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов маҳоратини ўрганган. Ойбекнинг 20 жилдли «Мукаммал асарлар» тўпламини нашрга тайёрлашда қатнашган.

Янги типдаги дарсликларнинг (ўрта мактабнинг 9, 11-синфлари учун «Ўзбек адабиёти», олий мактаб учун «ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи») муаллифларидан бири ҳисобланади.