Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Марям Ихтиёрова 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Марям Ихтиёрова 1939 йилнинг 21 апрелда Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида таваллуд топган. Театр ва рассомчилик санъати олийгоҳида таҳсил олган.

Марям Ихтиёрова ўз фаолиятини 1959 йилда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида бошлаган. У ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида «Водиллик келин», «Бомба», «Дев билан пакана», «Келгинди куёв» каби кўплаб фильмларда ва спектаклларда роль ижро этган.

Шунингдек турли радиоэшиттиришлар ва хажвий телекўрсатувларда ҳам мунтазам қатнашган.

Кўп йиллик фаолияти давомида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1997 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» каби унвонлар ҳамда 2016 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.