Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистoн халқ шоири Жамол Камол 84 ёшида вафот этди.

Жамол Камол 1938 йил Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Бухоро педагогика институтининг филология факультетини тугатган (1959). Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлимида масъул котиб (1970−72), Ўзбекистoн Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант ва илмий ходим (1972−86) бўлиб ишлаган.

Лирик шеър тузилиши бўйича илмий тадқиқот олиб борган. Faфур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир (1986−88), Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси раиси (1991−96) лавозимларида хизмат қилган.

Жамол Камол француз мумтоз адабиётининг намояндаси Буалонинг «Шеърий санъат» асарини, озарбайжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг Муҳаммад Фузулий ҳақидаги «Шабиҳижрон» достонини, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат «Маснавийи маънавий» асарини, Шайх Фаридуддин Атторнинг асарларини, Абдураҳмон Жомийнинг ғазаллар китобини, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг «Гулшани роз» асарини, буюк инглиз драматурги Вильям Шекспирнинг ўндан ортиқ асарларини бевосита инглиз тилидан, Александр Пушкининг «Моцарт ва Сальери», Ян Райниснинг «Олтин тулпор», Бартольд Брехтнинг «Сичуандан чиққан меҳрибон асарларини рус тилидан таржима қилган.

Жамол Камол шеърлари рус, инглиз, француз, поляк, украин, турк, озарбайжон, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.