1 сентябрь куни Тошкентда кўплаб резонансли суд жараёнларида иштирок этган таниқли адвокат Умидбек Давлатов вафот этди. У 42 ёшда эди, «Газета.uz» марҳумнинг ҳамкасблари ҳамда укаси билан гаплашди.

Умидбек Давлатов Хоразм вилоятининг Хозарасп туманида туғилган. Тошкент темир йўл муҳандислари институтини тамомлаган, сўнгра Тошкент давлат юридик университетида иккинчи мутахассислик бўйича таҳсил олган. У адвокат касбини танлашга қадар судда котиб сифатида ишлашга улгурган.

Ҳуқуқшунос бир қанча резонансли ишларни ҳимоячиси бўлган. У собиқ ўқитувчи ва блогер Ҳаётхон Насреддинов, блогер Нафосат Оллашукурова (Шабнам Оллашукурова таҳаллуси остида ёзган), марҳум журналист Давлат Назар (Давлатназар Рузметов), блогер Абдуфатто Нуритдинов (Facebook`да Отабек Нуритдинов), блогер Отабек Сатторий кабиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

Марҳумнинг укаси Фурқат Давлатовнинг «Газета.uz»га хабар беришича, 1 сентябрь куни акаси уйдан бош оғриғидан шикоят қилиб чиққан ва шифохонага йўл олган.

«Ўша куни у боши оғриётганини айтди ва шифохонага йўл олди. Унинг қон босими — 120 га 80 эди. Артериал қон босими нормал ҳолатлиги, лекин интракраниал босим кўтарилганини айтишди. Тез ёрдам машинасида унга укол қилишди, бироқ, бу вақтда у оламдан кўз юмганди», — дея сўзлаб берди у.

Ўлим тўғрисидаги гувоҳномада унинг вафотига юрак ишемик — юрак-қон томир касаллиги сабаб қилиб кўрсатилган. Адвокатнинг қариндошлари ўлимга аниқ нима сабаб бўлганини билиш учун суд-тиббий экспертизаси жавобини кутишмоқда.

Фурқат Давлатовнинг сўзларига кўра, ака ўз касби билан боғлиқ ҳеч қандай таҳдид ҳақида гапирмаган.

Нафосат Оллашукурова ва Умидбек Давлатов, 2020 йил, январь. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Умидбек Давлатов билан бирга Simay Kom фирмасида ишлаган адвокат Сергей Майоровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бир неча йил олдин калтакланганидан кейин ҳамкасбининг соғлиғи ёмонлашган.

«У собиқ спортчи эди, кураш билан шуғулланган. У спортчи бўлган вақтларидаёқ соғлигига зиён етказиб қўйганди. Тўрт-беш йил аввал уни қаттиқ калтаклашганди. Бу унинг касби билан боғлиқ эди. Чилонзорда солиқчини ўлдириб кетишган ҳолат содир бўлганди. Қотилликдан сўнг солиқчилар барча айбдорларни қидира бошлашди. Ва Умидбек бу ишга умуман алоқаси бўлмаса-да, ўша вақтда қотил ишлаган компанияда фаолият юритгани учун ҳам калтак остида қолди. У шунақанги калтакланган-дики, унинг соғлиғи кескин издан чиққанди», — деди у.

Адвокат соғлигини тиклаш учун бир-икки йил шифохонада ётиб чиққан. Унда қон босими ва соғлигида бошқа муаммолар ҳам бор эди, деди Сергей Майоров.

«У 1 сентябрь куни ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Зудлик билан «тез ёрдам» чақириб, шифохонага олиб боришди ва қон босимидан укол қилишди. Менга айтиб беришганидек, у ўз укасининг қўлида жон берган. Уни 16-шаҳар шифохонаси (ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази)га етказиб боришди, ва у ердаги «морг»дан унинг жасадини олиб кетишди», — деди у.

Адвокат «етарли даражада овозали ишларни кўргани орқасидан кимдир унинг ўлимига қасд қилиши мумкинлиги» ҳақидаги фаразни рад этди.

«У мулоқотга тез киришувчан, саводли, оптимист инсон эди. У келажак учун катта-катта режалар тузганди, яъни у аниқ ўлмоқчи эмас эди. Ва унинг мажбуриятлари жуда кўп эди. Хусусан, оиласини қўллаб-қувватлаши керак эди, унинг мижозлари жуда кўп эди, шунинг учун ҳам шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлашига тўғри келарди. У жуда ишчан, меҳнатсевар ва жасур эди. У ўзининг норозилигини очиқ намойиш этарди. Бу унинг ўзига хос жиҳати эди, жумладан, шу боис ҳам уни ишга таклиф қилишарди», — деди Сергей Майоров.

Ҳамкасбининг иши ҳақида гапирганда, адвокат унинг ишларини кузатмаганини таъкидлади.

Фото: Умидбек Давлатов / Facebook.

«Газета.uz» билан суҳбатда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ташкилотда юрист-консультант Умидбек Давлатов билан 3−4 йил ҳамкорликда ишлаганини айтди.

«У таниқли блогерлар, фуқаролик жамияти вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячиларининг суд жараёнарида ҳимоя қилиш ишида жуда жонбозлик кўрсатди. Ҳамма адвокатлар ҳам бундай ишларни олавермайди. Чунки бу каби жараёнларнинг ўзига яраша стресслари ва шов-шувлари бўлади, ҳар доим оммавий ахборот воситалари эътибор марказида бўласиз», — деди у.

Унинг таъкидлашича, Умид Давлатов ҳамма учун қулай адвокат бўлган. У ҳеч кимга йўқ, деган жавобни беролмаган. Ҳимояси остидаги фуқарони жон куйдириб ҳимоя қилган, тўлов пулларига ҳам жиддий қарамаган.

«Умиднинг орамиздан кетиши жуда катта йўқотиш бўлди. Тўғри маънода айтиш керакки, унинг ўрнини боса оладиган ҳамкасблари борми ёки йўқми, бундан кейин фуқаролик жамияти вакиллари ва журналист, блогерлар ишлари билан ким шуғулланади, деган савол ўртага чиқяпти. Сабаби юқорида айтганимдек, бундай ишларни ҳамма адвокат ҳам олавермайди ва барчасининг ҳам қўлидан келавермайди. Бир вақтнинг ўзида ОАВ ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш, дипломатик корпус ваколатхоналарига жавоб беришни ҳамма адвокат ҳам уддасидан чиқолмайди. Биз учун ажойиб дўст, ташкилотимизнинг забардаст вакили орамиздан кетганидан жуда қайғудамиз», — деди Абдураҳмон Ташанов.