Facebook`да Shabnam Olloshkurova номи остида фаолият олиб борувчи блогер ва инглиз тили ўқитувчиси Нафосат Оллашукурова суд қарори билан Хоразм вилояти руҳий асаб касалликлар диспансерига жойлаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

23 сентябрь куни Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан ички ишлар вазири қабулига кириш учун Тошкентга пиёда йўлга чиққан шоир ва журналист Маҳмуд Раджапов, унинг яқин қариндошлари ҳамда Нафосат Оллашукуровага нисбатан маъмурий иш қўзғатилган.

Худди шу куни Урганч шаҳар маъмурий суди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик), 194 (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 195 (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ва 202- (рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш) моддалари билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Маҳмуд Ражабов ҳам худди шу муддатга қамоққа олинди.

Бош прокуратуранинг хабар қилишича, 26 сентябрда Нафосат Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида руҳиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилган. Психиатрнинг тавсияси билан у Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган.

Вилоят руҳий асаб касалликлар диспансери фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига мурожаат қилиб, фуқаро Нафосат Оллашукурова руҳиятида ўзгаришлар содир бўлаётгани, унда «Психоподобний синдром, поронаялный синдром» касаллиги аломатлари кузатилгани қайд этилади.

Хабарда таъкидланишича, у ўзи ёки атрофдагилар учун бевосита хавф туғдириши мумкин. Унинг ночорлиги, асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсизлиги сабабли, психиатрия муассасасига жойлаштириш сўралган.

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 30 сентябрда ҳал қилув қарорига асосан, фуқаро Нафосат Оллашукурова ғайриихтиёрий тартибда Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган. Ҳозирда Нафосат Оллашукурова Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида даволанмоқда, дея қайд этди Бош прокуратура.

Нафосат Оллашукурова ўзининг инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаши ҳақида ёзган. У ўз саҳифасида давлат хизматчилари ҳаракатларидан норозилигини билдириб, аҳолини амалдорларнинг, жумладан Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоятларида хусусий мулкларнинг ноқонуний бузилиши вақтидаги ҳаракатларидан ҳимоялаш бўйича бирлашма ва орган ташкил этишни таклиф этди.

Нафосат Оллашукурова сўнгги марта Маҳмуд Ражаб ва қариндошларининг пиёда юришини жонли эфирда эълон қилди. Улар ички ишлар вазири билан учрашиш ҳамда унга қарши қўзғатилган жиноят ишини тўхтатиш, шунингдек ички ишлар ходимлари томонидан босим ўтказилаётганидан шикоят қилиш учун 22 сентябрь куни Тошкентга йўл олган эди.

Ёзувлардан кўриниб турибдики, Маҳмуд Ражабов бошчилигидаги гуруҳ Гурландан Урганчгача масофани пиёда босиб ўтади. Юриш вақтида Хоразм вилоят ИИБ бошлиғи, Урганч ҳокими ва бошқа мансабдор шахслар улар билан учрашишга чиқди. Ёзув унга номаълум шахс ҳужум қилганидан сўнг узилади.

Нафосат Оллашукурованинг отаси Болтабой Оллашукуров ОАВга қизининг ҳеч қачон руҳий касалликлардан азият чекмаганини маълум қилди.