Европа Иттифоқи Исроил Ғазо бўйича Брюссель таклиф қилган тинчлик режасидан бош тортишда давом этса, бунинг оқибатларини аниқлаштириб олмоқчи. Режа мустақил Фаластин давлатини тузишни назарда тутади.
Россиялик продюсер, «Газпром-медиа» бош директори ўринбосари Тина Канделакига Қозоғистонга кириш тақиқланмоқда. Бунга унинг Қозоғистондаги темирйўл вокзаллари номи ўзгартирилишини рус тилини давлат даражасида сиқиб чиқариш деб баҳолагани ва «манқуртлик» ҳақидаги пости сабаб бўлди.
Гая-Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилган Россиянинг хусусий Falcon 10 самолёти қулаши оқибатида тўрт киши омон қолди. Тирик қолганлар фақат экипаж аъзолари бўлиб, яна 2 нафар йўловчини қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий ёрдам бўйича янги режани кўриб чиқади. Бунинг учун махсус фонд ташкил этилиши, унга Европа тинчлик фондидан 6,5 млрд евро ажратилиши, 2024−2027 йилларда эса йилига 5 млрд евродан ўтказиб борилиши режалаштирилмоқда.
2023 йилда республикачилар партиясидан номзодлик учун курашда Дональд Трампга асосий рақобатчи деб кўрилган Рон Десантис президентлик кампаниясини тўхтатди. Флорида губернатори ўз тарафдорларини Трампга овоз беришга чақирди.
Ҳиндистоннинг Гая шаҳридан Тошкент орқали Россияга чартер рейсини амалга ошираётган Россиянинг Falcon самолёти Афғонистонда ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси Афғонистон ҳаво ҳудудида радарлардан ғойиб бўлган. «Росавиация» бортда олти киши борлигини хабар қилди.
Украина Россия билан урушдаги стратегиясини ўзгартириб, 2024 йилда «фаол мудофаа»га ўтмоқда, деб ёзди FT. Бу мудофаа чизиғини ушлаб туриш ва бир вақтнинг ўзида душманнинг заиф томонларини қидиришни ўз ичига олади.
Қозоғистон БМТнинг Яқин Шарқ ва Африкадаги миссияларида иштирок этиш учун тинчликпарвар қўшинларини юборади. Илк 139 нафар ҳарбий хизматчи Голан тепаликларига жўнатилади. Тоқаев бу «геосиёсий кескинлик кучайган шароитда» мамлакат қуролли кучларига жанговар маҳоратини ошириш имконини беришини айтди.
Сингапур транспорт вазири коррупцияда айбланди. Прокуратура у миллиардердан бизнес-классдаги рейслар, Англия Премьер-лигаси ўйинлари ва мюзиклларга чипталар кўринишида совғалар олганини таъкидламоқда. Бу сўнгги 40 йил ичида мамлакатдаги вазир билан боғлиқ биринчи коррупцион иш ҳисобланади.
Бишкек суди Қирғизистондаги бир қатор мустақил нашрларнинг 11 нафар журналистини икки ойга ҳибсга олди. Улар оммавий тартибсизликларга даъват қилишда айбланмоқда, аввалроқ уларни тинтув қилишганди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари расмийларни ОАВга босим ўтказишни тўхтатишга чақирмоқда.
Покистон Теҳроннинг ҳужумидан бир кун ўтиб Эрондаги «террорчилар бошпаналари»га қатор зарбалар берди. Покистон ТИВ Эрон суверенитетини ҳурмат қилишини ва зарбалардан мақсад мамлакат миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлганини таъкидлади.
Apple 2023 йилда смартфон етказиб бериш бўйича Samsung`дан ўзиб кетди ва биринчи марта жаҳон бозорида етакчилик қилди. Мутахассислар буни премиум гаджетларнинг ўсиб бораётган тенденцияси билан боғлашади. Биринчи бешликка Хитойнинг Xiaomi, Oppo ва Transsion компаниялари ҳам кирди.
Хитой аҳолиси COVID-19 сабабли ортган ўлим даражаси ва паст туғилиш кўрсаткичи фонида кетма-кет иккинчи йил қисқармоқда. Расмийлар бу келажакда мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир қилишидан хавфсирамоқда, аммо ҳозирча ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш учун етарли маблағ йўқ.
Қирғизистон милицияси Temirov Live ва «Айт Айт Десе» мустақил лойиҳалар журналистларининг устидан тинтув ўтказди ва бир неча кишини сўроққа олиб кетди. Бундан ташқари, 24.kg агентлиги таҳририятига ҳам хавфсизлик кучлари келган. «Газета.uz» вазиятга алоқадор маълумотларни тақдим этади.
ЖССТ тамаки истеъмолининг глобал пасайишини қайд этди. Ташкилотга кўра, чекувчилар сони 1,25 млрд кишигача камайди, бу катталарнинг ҳар беш нафаридан бирига тўғри келади. Ўзбекистонда тамаки истеъмолчилари сони, экспертларнинг маълумотларига кўра, 3,83 млн кишини ташкил этади.
ХВЖ маълумотларига кўра, сунъий интеллект технологиялари алмаштириш ёки ўрнини тўлдириш орқали дунёдаги жами иш жойларининг 40 фоизига таъсир қилади. Ривожланган иқтисодлар сунъий интеллектдан фойда олишда яхшироқ имкониятларга эга, бу эса глобал тенгсизликни ёмонлаштириши мумкин.
Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровнинг айтишича, «Салимбой» билан учрашиш учун ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтган депутат Эмил Жамғирчиев ундан «икки дўстни» йўқ қилишга ёрдам беришни сўраган. Қирғизистон матбуотининг қайд этишича, мамлакатда президент ва МХДҚ раҳбари шундай чақирилади.
Буюк Британия G7 давлатларидан биринчи бўлиб Украина билан хавфсизлик бўйича битим тузди. Британиянинг ушбу ҳужжатда келтирилган мажбуриятлари Украина НАТОга қўшилгунча ўз кучида қолади, деди Украина президенти.
БМТнинг Гаагадаги суди Ғазо аҳолиси геноциди учун ЖАРнинг Исроилга қарши берган даъвоси бўйича суд ишини бошлади. Жанубий Африка Исроилнинг ҲАМАС ҳужумидан кейин қилган ҳаракатларини «ҳаддан ошиш» ва «геноцид» эканини таъкидламоқда. Исроил расмийлари бу айбловларни «қонли туҳмат» деб атади.
2023 йил охирида «яшил энергия»нинг глобал қуввати 2022 йилга нисбатан 50 фоизга ошди. Бу ўсиш сўнгги 20 йил ичида рекорд кўрсаткичга айланди. Мутахассисларнинг фикрича, 2028 йилда қайта тикланувчи энергия манбалари жаҳон электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 42 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг