Сунъий интеллект (СИ) технологиялари дунёдаги иш жойларининг деярли 40 фоизига бир қисмини алмаштириб, қолганларини тўлдириш йўли билан таъсир қилади, дейди Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бошқарувчи директори Кристалина Георгиева.

«Сунъий интеллект дунёдаги иш жойларининг деярли 40 фоизига таъсир қилади, бунда технология касбларнинг баъзиларини алмаштиради, бошқаларини эса тўлдиради. Унинг потенциалидан фойдаланишда бизга эҳтиёткор сиёсий мувозанат керак», — деб ёзади Георгиева ХВЖ таҳлилига таяниб.

Жамғарма раҳбарининг таъкидлашича, тарихда автоматлаштириш ва ахборот технологиялари инсонларнинг кундалик вазифаларига таъсир кўрсатган, бироқ «СИнинг хусусиятларидан бири унинг юқори малакали касбларга таъсир қилиш қобилияти ҳисобланади».

«Натижада ривожланган иқтисодлар сунъий интеллект билан боғлиқ кўплаб хавф-хатарларга дуч келади, бироқ улар СИдан фойда олишда шаклланаётган бозор ва ривожланаётган иқтисодларга нисбатан яхшироқ имкониятга ҳам эга», — деб ёзади Георгиева.

Иқтисодиёти ривожланган давлатларда, ХВЖ маълумотларига кўра, сунъий интеллект таъсир қилиши мумкин бўлган иш ўринларининг улуши 60 фоизни ташкил этади, уларнинг қарийб ярми янги технологиядан фойда кўриши мумкин. Ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич 40 фоизни, даромади паст мамлакатларда эса 26 фоизни ташкил этади.

ХВЖ раҳбарининг сўзларига кўра, ривожланаётган мамлакатлардаги меҳнат бозорининг сунъий интеллект таъсирига мойиллиги камроқ, чунки уларнинг кўпчилигида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш учун инфратузилма ёки малакали мутахассислар етишмайди. Бу мамлакатлар ўртасидаги глобал тенгсизликнинг кучайиши хавфини оширади, деди Георгиева.

«[СИ ривожланишининг] аниқ таъсирини олдиндан айтиш қийин, чунки СИ иқтисодиётлар бўйлаб турли йўллар орқали сузиб юради. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, биз сунъий интеллектнинг улкан салоҳиятидан инсоният манфаати учун хавфсиз фойдаланиш имконини берувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқишимиз керак», — дея таъкидлайди Георгиева.

У ривожланган мамлакатларни инновациялар ва СИ интеграциясини биринчи ўринга қўйишга, шунингдек, «хавфсиз ва масъулиятли муҳит» яратиш учун «мустаҳкам» меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишга чақирди.

«Шаклланаётган бозорга эга ва ривожланаётган мамлакатлар учун устувор вазифа рақамли инфратузилма ва малакали ишчи кучига сармоя киритиш орқали мустаҳкам пойдевор яратиш бўлиши керак», — дея хулоса қилган ХВЖ раҳбари.