Қайта тикланадиган энергиянинг глобал қуввати 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 50 фоизга ошиб, 510 гигаватт (ГВт) га етди. Бу сўнгги 20 йилдаги энг юқори ўсиш суръати бўлди, дейилади Халқаро энергия агентлиги (International Energy Agency — IEA) янги ҳисоботида.

Ҳисобот муаллифлари прогноз қилишларича:

  1. 2024 йилда шамол ва қуёш энергияси биргаликда гидроэнергетикадан кўра кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди.
  2. 2025 йилда барча қайта тикланадиган энергия манбалари қуввати кўмир ишлаб чиқаришдан ҳам ошади ва энг йирик электр энергияси манбаига айланади.
  3. Шамол электр станциялари 2025 йилда атом электр станцияларини, 2026 йилда эса қуёш электр станцияларини ортда қолдиради.
  4. 2028 йилда қайта тикланадиган энергия глобал электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 42 фоиздан ортиғини, шамол ва қуёш улуши эса 25 фоизини ташкил қилади.

Келгуси беш йил ичида деярли 3700 ГВт янги қайта тикланадиган қувватлар тармоққа қўшилади. Қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришнинг жадал ўсиши ушбу соҳани 130 дан ортиқ мамлакатларда кенг кўламли сиёсий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.

Қайта тикланадиган энергия манбаларининг глобал ўсишининг 95 фоизи қуёш ва шамол энергияси ишлаб чиқариш ҳиссасига тўғри келади — 2028 йилга бориб, ҳар йили қўшиладиган қуёш ва шамол қувватлари ҳажми 2022 йилга нисбатан икки баравардан кўпроқ ошади ва қарийб 710 ГВтга етади. Бунга «яшил энергия»ни ишлаб чиқариш харажатлари қазиб олинадиган ёқилғилардан ишлаб чиқаришга нисбатан паст бўлиши ёрдам беради.

2023 йилда янги қуёш ва шамол қувватларининг 96 фоизи янги кўмир ва газ электр станцияларига қараганда ишлаб чиқариш харажатлари пастлигини кўрсатди. Шу билан бирга, 2023 йилда қуёш панелларининг нархи йиллик ҳисобда қарийб 50 фоизга пасайган ва уларнинг дунёда ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилга нисбатан уч баробарга ошган.

2028 йил охирига қадар дунёда янги қайта тикланадиган энергия қувватларининг 60 фоизигача бўлган улуши Хитойга тўғри келиши кутилмоқда.

2023 йил декабрь ойида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича саммитида (COP28) 120 дан ортиқ давлат қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни камайтириш учун 2030 йилга келиб дунёнинг қайта тикланадиган энергия имкониятларини уч баробар оширишга келишиб олди. Ҳужжатда Ўзбекистон ҳам ўз имзосини қолдирди.