19 январь куни Қозоғистон парламенти президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг мамлакат тинчликпарвар контингентини БМТнинг Яқин Шарқ ва Африкадаги миссияларида иштирок этиш учун юбориш тўғрисидаги таклифини маъқуллади, дея хабар бермоқда КазТАГ.

430 нафар ҳарбий хизматчи БМТнинг Голан тепаликларидаги бўлиниш бўйича кузатувчи кучлари (UNDOF, Сурия-Исроил), сулҳ назорати ташкилоти (UNTSO, Фаластин-Исроил), Жанубий Судандаги миссияси (UNMISS, Жанубий Судан) ва Абьей ҳудудида хавфсизликни таъминлаш бўйича муваққат кучлари (UNISFA, Судан) ишида иштирок этади.

«Биз ҳарбий кузатувчилар ва штаб офицерлари кўринишидаги хизматчилар билан бирга, БМТ миссияларида энг кўп талаб қилинадиган пиёда, тиббиёт, разведка, муҳандислик бўлинмаларини ҳам ажратишга тайёрмиз», — деди Қозоғистон мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов парламентда ўтказилган йиғилишда.

Жақсилиқовнинг сўзларига кўра, Қозоғистон аввал ҳам бу каби амалиётларда иштирок этган, аммо БМТ биринчи марта мамлакатга мустақил миссия учун мандат берди. «Биз миссияни ўз байроғимиз остида бажарамиз. Бу — энг асосийси», — деди у.

Контингентни жойлаштириш 2024 йил март ойида бошланади. Дастлабки 139 нафар ҳарбий хизматчи Голан тепаликларига захира рота сифатида юборилади. Бунинг учун Қозоғистон БМТ билан халқаро шартнома тузади.

Қосим-Жомарт Тоқаев БМТ тинчликпарвар миссияларида иштирок этиш мамлакат қуролли кучларига зарур жанговар кўникмаларни эгаллаш имконини беришини таъкидлади.

«Кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик шароитида минтақавий ва миллий хавфсизликка оид янги хавф ҳамда таҳдидлар пайдо бўлмоқда, уларнинг баъзилари ҳарбий жавоб чораларини талаб қилиши мумкин. Шу сабабли қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш ва замонавий таҳдидларга қарши туришда амалий тажриба орттириш масаласи алоҳида долзарбдир», — деди Қозоғистон раҳбари йиғилишда.

  • Қозоғистон тинчликпарвар батальони 2000 йилда ташкил этилган. 2003 йилда 27 кишидан иборат «Казбат» номли илк муҳандислик ва сапёр отряди Ироққа юборилган. 2014 йилдан буён мамлакатнинг 60 га яқин ҳарбий хизматчиси, жумладан, олти нафар аёл БМТнинг Кот-д'Ивуар, Ғарбий Саҳрои Кабир, Ливан, Марказий Африка Республикаси ва Малидаги миссияларида қатнашган. 2018 йилдан бери 530 дан ортиқ қозоғистонлик ҳарбий хизматчи Ливандаги миссияда хизмат қилиб келган.
  • Ҳозирда Қозоғистон Қуролли кучларининг тўққиз нафар офицери Ливан, олти нафари Ғарбий Саҳрои Кабир, икки нафари Мали ва яна шунчаси Марказий Африка Республикасида хизмат қилмоқда.