Қирғизистонда иккинчи кун хавфсизлик кучлари мустақил нашрларда тинтув ўтказди ва журналистларни сўроққа олиб кетди. Сешанба куни полиция «Айт Айт Десе» ва Temirov Live мустақил оммавий ахборот воситаларининг собиқ ва амалдаги ходимларини тинтув қилди. Бундан бир кун аввал эса 24.kg таҳририятида тинтув ўтказилди. «Газета.uz» вазиятга алоқадор маълумотларни тақдим этади.

Нима бўлди?

16 январь куни эрталаб Қирғизистон милицияси «Айт Айт Десе» ва Temirov Live мустақил лойиҳаларининг камида ўн нафар собиқ ва амалдаги ходимларининг уйларида тинтув ўтказди. Улар орасида лойиҳа директори Маҳабат Тожибек қизи, шунингдек, журналистлар Сапар Акунбеков, Азамат Ишенбекова, Аике Бейшекеева, Жоудар Бузумов ва бошқалар бор. Барча журналистлар сўроқ қилиш учун Ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Бундан ташқари, Temirov Live офисида ҳам тинтув ўтказилган. Хавфсизлик кучлари техникаларни олиб кетиб, биноларни муҳрлаб қўйган. 24.kg`нинг қайд этишича, Temirov Live офисида ва Махабат Тожибек қизининг уйида тинтув адвокатларсиз ўтказилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, милиция ходимлари ижтимоий тармоқлардаги лойиҳа саҳифаларидан бирида аниқлаган оммавий тартибсизликларга чақириқлар бўйича жиноий иш доирасида қидирув ва сўроқлар олиб борилмоқда.

«12 январь куни экспертиза хулосасига кўра, „Айт Айт Десе“ ва Temirov Live саҳифаларида эълон қилинган материалларда норозилик намойишлари ва оммавий тартибсизликларга чақириқ белгилари борлиги аниқланган. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов хизмати томонидан тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси 3-қисми (ҳокимият мансабдор шахсларининг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликлар уюштиришга чақириш, фуқароларга нисбатан зўравонлик, шунингдек, жиноят содир этишга чақириш) билан жиноят иши қўзғатилган», — деди мамлакат Ички ишлар вазирлиги.

Баёнотда қайси мақола ёки хабар бунга сабаб бўлганига аниқлик киритилмаган.

Бир кун аввал, 15 январь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 24.kg агентлиги офисида ҳам тинтув ўтказган, шундан сўнг таҳририят раҳбариятини сўроққа олиб кетган. Агентликнинг таҳририят жиҳозлари мусодара қилинган.

Кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тинтув ва сўроқлар «уруш ташвиқоти» моддаси бўйича қўзғатилган жиноий иш доирасида ўтказилаётганини маълум қилди.

The Insider нашрининг вазиятдан хабардор манбасига таяниб ёзишича, жиноий иш Украина Қуролли кучлари томонида жанг қилаётган Қирғизистон фуқароси ҳақидаги мақола туфайли очилган.

Сўроққа олиб келинган 24.kg бош директори Асел Оторбоева ва нашр бош муҳаррири Антон Лимар, Маҳинур Ниёзова гувоҳ сифатида озод этилди. Уларнинг барчаси маълумотни ошкор қилмаслик тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

24.kg ахборот агентлиги Қирғизистонда 2006 йилдан бери фаолият юритиб келади. Асел Оторбаева томонидан асос солинган.

Реакциялар

Бир қатор халқаро ва қирғиз ташкилотлари зудлик билан 24.kg таҳририятидаги тинтувлар юзасидан баёнотлар эълон қилди.

Норвегиянинг Хелсинки қўмитаси (Norwegian Helsinki Committee) хавотир билдирди ва БМТнинг фикр эркинлиги бўйича махсус маърузачиси идорасидан Қирғизистон ҳукумати олдида бу масалани кўтаришни сўраганини билдирди.

ЙХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейро ҳам вазият сабаб чуқур хавотир билдирди. «Бундай жиноий терговлар оммавий ахборот воситалари эркинлигига ва мамлакатдаги жамоатчиликни қизиқтирган муҳим масалаларни ёритишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди у.

Қирғизистон Омбудсмани Жамила Жаманбоева ҳуқуқ-тартибот идораларига мамлакат конституциясига мувофиқ фуқароларнинг сўз эркинлиги ҳуқуқларини ҳурмат қилиш муҳимлигини эслатиб, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда берди.

«Омбудсман институти ўз ваколатига мувофиқ журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва давлат органларини оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлашга чақиради», — дейилади омбудсман баёнотида.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ва медиа ташкилотлари вакиллари ҳам 24.kg`ни қўллаб-қувватлади. «24.kg агентлигидаги тинтувнинг 1,5 соатдан ортиқ вақт давомида ОАВ адвокати иштирокисиз ўтказилгани тергов органлари томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш эҳтимоли ҳақида савол туғдиради», — дейилади уларнинг мурожаатида.

Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, 24.kg таҳририяти ишлаган йиллар давомида «босқинчилик ва ҳарбий ҳаракатларга чақириқларда сезилмаган» ва «ваколатли органлардан ҳеч қандай талаб ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан огоҳлантиришлар» олмаган.

«Биз 24.kg агентлигидаги тинтувни нафақат ОАВ ходимлари, балки фуқароларнинг сўз эркинлиги ва маълумот олиш ҳуқуқларига номутаносиб аралашувнинг кўриниши деб ҳисоблаймиз», — дея хулоса қилди муаллифлар.