Покистон ТИВ маълумотларига кўра, мамлакат қуролли кучлари Эрон жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон ҳудудларида «террорчилар бошпаналарига юқори мувофиқлаштирилган зарбалар» йўллади. Вазирликнинг билдиришича, ҳарбий амалиётлар натижасида бир неча киши йўқ қилинган.

Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, мамлакатда Эронда яширинган келиб чиқиши покистонлик жангарилар томонидан «яқинда содир бўлаётган кенг кўламли террорчилик фаолияти» ҳақида «ишончли маълумотлар» мавжуд. Зарбалардан мақсад Покистон хавфсизлиги ва миллий манфаатларини таъминлаш бўлди, дейилади баёнотда.

Айни шу баёнотда айтилишича, Покистон «Эрон Ислом Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади».

Anadolu агентлиги маълумотларига кўра, Покистон армияси Покистон ва бошқа қатор мамлакатларда террорчи деб тан олинган «Белужистон озодлик армияси» ҳарбийлаштирилган гуруҳининг еттита нишонига ҳужум қилган.

Эроннинг «Меҳр» агентлиги хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб, портлашлар Сараван шаҳри яқинида содир бўлганини ёзмоқда. Қайд этилишича, ҳужум оқибатида етти нафар чет эл фуқароси — уч аёл ва тўрт нафар бола ҳалок бўлган. Агентликнинг келтиришича, зарбалар дрон ва ракеталар ёрдамида амалга оширилган.

  • 16 январь куни Эрон Покистонда жойлашган «Жайш ал-Адл» (Адолат армияси) террорчилик гуруҳи штаб-квартирасига ҳужум қилган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу ҳужум оқибатида икки бола ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган. Вазирлик Теҳронни бу ҳаракатлар жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантирганди. Покистон ҳам Эрондаги элчисини чақирган.