Ўтган ёздаги муваффақиятсиз қарши ҳужумдан сўнг Украина Россия билан урушнинг учинчи йилига тайёргарлик кўрмоқда ва янги стратегия — «фаол мудофаа»га ўтмоқда, деб ёзади Financial Times (FT).

«Фаол мудофаа» стратегияси — мудофаа чизиғини ушлаб туриш ва, шу билан бирга, ҳаво зарбалари орқали душманнинг заиф томонларини излаш — бу йил Украинага «кучини тўплаб олиш» ва 2025 йилда муваффақиятга эришиш эҳтимоли кўпроқ бўлган қарши ҳужумга тайёргарлик кўриш имконини беради", — дея газета Украинага нисбатан сиёсатни назорат қилувчи шахси номаълум Ғарб расмийсининг сўзларини келтирди.

«2024 йилда операцион ютуқ бўлиши эҳтимоли ҳар икки томон учун ҳам паст», — деди у.

Украина президенти Владимир Зеленский декабрь ойи бошида урушнинг «янги босқичи» келганини айтганди, дея қайд этади FT. У армияга минг километрлик фронт чизиғининг асосий қисмлари бўйлаб янги истеҳкомлар қуришни буюрган, бу ҳужумдан мудофаа позициясига ўтишни англатади.

Киевнинг энг кучли иттифоқчилари ҳам мудофаага ўтиш стратегиясини қўллаб-қувватламоқда, деб ёзди FT. Аввалроқ Эстония Мудофаа вазирлиги Украина 2025 йилда ҳужум кампанияси қайта бошланиши учун ўзига ва иттифоқчиларига саноат базасини қуриш, захираларни тайёрлаш, ходимлар сони ва артиллерия ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш учун вақт бериши, бунинг учун эса «стратегик мудофаа»га ўтиши кераклиги ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.

Қўшма Штатлар ҳам консерватив ёндашувга интилмоқда, деб ёзди газета. Қуруқликдан ҳужум қилиш ўрнига, келгуси ойларда мавжуд ҳудудни ушлаб туриш, ҳудудларни мустаҳкамлаш ва таъминот ҳамда кучларни оширишга эътибор қаратилиши керак.

Айни пайтда, АҚШ расмийлари фикрича, Украина армияси имкон пайдо бўлиши билан ундан фойдаланиш учун Россия мудофаасининг заиф томонларини қидиришда давом этиши мумкин, деб ёзади FT. Худди шундай, Украина самарадорлиги исботланган ракета ва дронлардан фойдаланган ҳолда узоқ масофадан ҳаво ҳужумларини давом эттириши, эҳтимол, кенгайтириши мумкин. Масалан, Қримдаги Қора денгиз флоти ва яриморол аэродромларида, дея қайд этди нашр.

Украина қуруқликдаги кучлари қўмондони Александр Сирский стратегия ҳеч қандай катта ўзгаришларни назарда тутмаслигини таъкидлади. «Мақсадларимиз ўзгармайди: «ўз ҳудудимизни ушлаб туриш ва максимал талофатлар келтириб, душманни чарчатиш», деди у Reuters агентлигига.