2023 йилда Хитой аҳолиси 2,08 миллион киши ёки 0,15 фоизга қисқарди ва ҳозирда 1,409 миллиард кишини ташкил этмоқда, деб ёзмоқда Reuters ХХР Давлат статистика бошқармасига таяниб.

Натижага COVID-19 сабабли ўлим даражасининг ортгани ва туғилишнинг пастлиги таъсир кўрсатди, дея таъкидлади агентлик. Мамлакатда кетма-кет иккинчи йил аҳоли сонининг қисқариши кузатилмоқда. 2022 йилда 1961 йилдан бери биринчи марта қисқариш қайд этилганди.

Ўтган йили ўлимлар сони 6,6 фоизга ўсиб, 11,1 миллион кишига етган. Бу маданий инқилоб давридаги 1974 йилдан кейинги энг юқори кўрсаткичдир. Шу билан бирга, туғилиш даражаси 5,7 фоизга камайиб, 9,02 миллион кишини ташкил этган.

The Guardian`нинг ёзишича, Хитой ҳукумати ушбу «демографик вақтли бомба» иқтисодиётга қандай таъсир қилиши мумкинлигидан хавфсирамоқда — меҳнатра яроқли солиқ тўловчилар сони камаяди, кекса аҳолини қўллаб-қувватлаш харажатлари эса ошади.

ХХР Давлат фанлар академияси 2035 йилга бориб мамлакат пенсия тизими ҳозирги шаклда пулсиз қолишини башорат қилмоқда. У вақтга келиб, Хитойда 60 ёшдан ошган (пенсия ёши) одамлар сони тахминан 280 миллиондан 400 миллионга ошади.

Нашрнинг қайд этишича, маҳаллий ҳокимият органлари туғилиш даражасини ошириш сиёсатини амалга ошира олмаяпти — коронавирус пандемиясидан кейин ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бюджетда маблағ йўқ. Қолаверса, ёш хитойликлар йирик шаҳарларда яшашнинг қимматлиги ва аёлларни иш билан таъминлашда давлат ёрдамининг сустлиги сабаб фарзанд кўришга шошилмаяпти.