11 январь куни Гаагадаги Халқаро суд Жанубий Африканинг Ғазо секторидаги геноцид тўғрисидаги конвенциясини бузганликда айбланган Исроилга қарши даъвоси бўйича тингловларни бошлади.

Даъвонинг моҳияти

Жанубий Африка 29 декабрь куни БМТ судига Исроилга қарши даъво аризаси билан чиқди. Унда айтилишича, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумидан сўнг бошланган Исроилнинг Ғазо секторидаги фаластинликларга қарши «ҳаракат ва ҳаракатсизлиги» «геноцид»дир, «чунки бу Фаластин аҳолисининг катта қисмини — ирқий ва этник гуруҳини йўқ қилишга қаратилган».

Жанубий Африканинг фикрича, Исроил ҳукумати БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йилда қабул қилинган Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бузмоқда. У Иккинчи жаҳон урушидан кейин яҳудий халқининг геноциди фонида ишлаб чиқилган.

Ҳужжатни 150 дан ортиқ давлатлар, жумладан, Жанубий Африка ва Исроил ратификация қилган. Конвенциянинг 8-моддасига кўра, ҳар бир томон геноцид содир этаётган деб ҳисоблаган бошқа давлат устидан шикоят қилиши мумкин — ҳатто бу Жанубий Африкадаги каби можаро билан бевосита боғлиқ бўлмаса ҳам.

Конвенцияда геноцид «миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлиқ ёки қисман йўқ қилиш мақсадида қилинган ҳаракатлар» деб таърифланади.

Баёнотда Жанубий Африка, шунингдек, судни фаластинликларни ҳуқуқларининг «янада жиддий ва тузатиб бўлмайдиган» бузилишидан ҳимоя қилиш ва «Исроилнинг конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш» учун профилактик чоралар кўришга чақирди. Бу чора-тадбирлар Исроилнинг анклавдаги ҳарбий амалиётларини тўхтатиш буйруғини англатади.

Жанубий Африка нима деяпти?

Жанубий Африкалик ҳуқуқшунослар мунозараларни очишда Ғазодаги жорий уруш Исроилнинг ўнлаб йиллар давомида фаластинликларга зулмининг бир қисми эканлигини айтди.

«Жанубий Африка Исроил давлатининг геноцид ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги муқаррар равишда 1948 йилдан бери Фаластин халқига қарши содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг бир қисми эканлигини тан олади», деди Жанубий Африка делегацияси ҳамраиси Вусимузи Мадонсела.

Жанубий Африка Адлия вазири Роналд Ламола Жанубий Африка бир томонлама равишда ҲАМАСнинг Исроил фуқароларига уюштирган ҳужумларини ва 7 октябрь куни одамларни гаровга олишини қоралади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, «қанчалик жиддий бўлмасин, ҳеч қандай қуролли ҳужум, хоҳ ҳуқуқий, хоҳ маънавий жиҳатдан конвенциянинг бузилишини оқламайди».

«Исроилнинг 7 октябрь ҳужумига қарши жавоби бу чегарани кесиб ўтди ва геноцид конвенциясининг бузилишига олиб келди», — дея қўшимча қилди у.

БМТ судига 84 саҳифалик тақдимномада Жанубий Африка Исроил Ғазо секторида фаластинликларни ўлдириш, уларга оғир руҳий ва жисмоний зарар етказиш, эвакуация қилишга мажбурлаш, очарчилик ва «уларнинг жисмоний ҳалокатига олиб келадиган шароитларни яратиш орқали» геноцид содир этаётганини кўрсатадиган далилларни тақдим этди.

Жанубий Африкани вакиллик қилган адвокатлардан Адила Ҳассимнинг айтишича, Ғазодаги фаластинликлар қаерда бошпана изласа, Исроилнинг тинимсиз бомбардимонлари оқибатида ҳалок бўлмоқда.

«Исроил томонидан содир этилган қотиллик даражаси шунчалик каттаки, Ғазо секторида хавфсиз жой йўқ», деди ва вайронагарчилик «инсонпарвалрик у ёқда турсин, ҳатто ҳар қандай қонуний нуқтаи назаридан ҳам оқланиши мумкин эмас»лигини қўшимча қилди.

Шунингдек, судга Исроил раҳбарлари, жумладан, бош вазир Бенямин Нетаняху, мудофаа вазири Ёав Галлант ва президент Исаак Гертсогнинг нутқларидан иқтибослар келтирилди, улар жанубий африкалик ҳуқуқшуносларнинг фикрича, геноцид ниятини аниқ ифодалаган.

Исроил нима деяпти?

Исроил Жанубий Африканинг айбловини қатъиян рад этиб, уни «ғазабланган қонли туҳмат» деб атади.

«Бундай баёнот ҳеч қандай фактик ва ҳуқуқий асосга эга эмас ва олти миллион яҳудий ҳалок бўлган яҳудий халқининг Холокостидан келиб чиққан геноцид тушунчасидан қўпол ва ҳақоратли тарзда фойдаланишдир», — дейилади Исроил ТИВ баёнотида.

Вазирлик Исроил халқаро ҳуқуққа содиқлигини ва уларга мувофиқ ҳаракат қилишини таъкидлади. Баёнотда таъкидланишича, Исроилнинг «ҳарбий ҳаракатлари» «фақат ҲАМАС ва Сектордаги бошқа террорчи ташкилотларга қарши қаратилган».

«Исроил Ғазо сектори аҳолиси унинг душмани эмаслигини ва тинч аҳоли қурбонларини минималлаштириш ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлашга интиляпти», — деди Исроил ТИВ.

Агентликнинг қўшимча қилишича, ҲАМАС Ғазо аҳолисининг азоб-уқубатлари учун жавобгардир, чунки гуруҳ «улардан атайлаб тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда ва улар учун мўлжалланган гуманитар ёрдамни ўғирламоқда».

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху Жанубий Африканинг даъвоси бўйича суд мажлисининг очилиши арафасида видео эълон қилди, унда у Тел-Авив Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти натижасида анклавни доимий равишда эгаллаш ниятида эмаслигини айтди.

«Мен бир нечта нарсаларга аниқлик киритмоқчиман. Исроил Ғазони доимий равишда босиб олиш ёки тинч аҳолини кўчириш ниятида эмас. Исроил Фаластин аҳолисига эмас, ҲАМАС террорчиларига қарши курашмоқда ва биз буни халқаро қонунларга тўлиқ риоя қилган ҳолда қиляпмиз», — деди Нетаняху.

Унинг сўзларига кўра, Исроил армияси «тинч аҳоли қурбонларини камайтириш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда, ҲАМАС эса фаластинлик тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланиш орқали уларни максимал даражада ошириш учун ҳамма нарсани қилмоқда».

«Бизнинг мақсадимиз Ғазо секторини ҲАМАС террорчиларидан тозалаш ва гаровга олинганларни озод қилишдир. Бунга эришилса, Ғазони қуролсизлантириш ва дерадикализация қилиш мумкин, бу эса Исроил учун ҳам, фаластинликлар учун ҳам яхшироқ келажакни яратиш имкониятини яратади», — деди Нетаняху.

Исроил томони 12 январь куни бўлиб ўтадиган суд мажлисида ўз далилларини тақдим этиши кутилмоқда.

Халқаро суд ҳақида

Халқаро суд Гаагада жойлашган, лекин уни БМТ органи бўлмаган ва бошқа юрисдикцияга эга бўлган Халқаро жиноят суди (ХЖС) билан адаштирмаслик керак.

Халқаро суд 1945 йилда ташкил этилган бўлиб, давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал қилиш билан шуғулланади.

Жанубий Африканинг Исроилни геноцидда айблаган иши ҳал қилиниши учун йиллар керак бўлади. Аммо Жанубий Африка талаб қилган эҳтиёт чоралари бўйича суд ҳукми бир неча ҳафта ичида эълон қилиниши мумкин. 11−12 январь кунлари бўлиб ўтаётган мазкур тингловлар шу масалага бағишланди.

Суднинг қарорлари устидан шикоят қилиниши мумкин эмас ва уни бажариш мажбурийдир, гарчи ҳокимиятда уларнинг ижросини таъминлаш механизмлари мавжуд бўлмасада.

«Шунга қарамай, Исоилга қарши қарор унинг обрўсига путур этказади ва ҳуқуқий прецедент яратади», — деб таъкидлади The Guardian.

Можаронинг хронологияси

  • 2023 йил 7 октябрда Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилиб, камида 1200 исроилликни ўлдирди ва 200 дан ортиқ одамни гаровга олди.
  • Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди, анклавга интенсив ҳаво ҳужумлари уюштирди ва у ерга қўшин юборди.
  • Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаролар давомида минтақада 23 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 59 мингга яқин киши жароҳатланган.