Россия Марказий сайлов комиссияси урушга қарши ягона номзод Борис Надеждиннинг Россия президентлик сайловларида иштирок этишига рухсат бермади. МСК қайд этишича, уни қўллаб-қувватлаган учун йиғилган имзоларнинг бир қисми яроқсиз деб топилган. Сиёсатчи бу бўйича Россия Олий судига мурожаат қилмоқчи.
Озарбайжоннинг амалдаги раҳбари Илҳом Алиев навбатдан ташқари президентлик сайловларида 92,05 фоиз овоз олди. Бу унинг бешинчи президентлик муддати бўлади, у 20 йилдан буён мамлакатни бошқармоқда.
ҲАМАС Исроилга Ғазо секторида 135 кунлик ўт очишни тўхтатиш режасини таклиф қилди. Бу давр мобайнида гуруҳ гаровга олинганларни озод қилади, Исроил аскарлари эса Ғазони тарк этиши керак бўлади.
Европа суди миллиардер Алишер Усмоновнинг ўзига Россиянинг Украинага босқини сабабли ЕИ томонидан қўйилган санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги апелляциясини рад этди. Усмоновнинг адвокатлари санкциялар учун асослар ноаниқ эканини таъкидлади, бироқ суд бу фикрга қўшилмади.
7 февраль куни эрталаб Украина яна ўққа тутилди, бир қанча ҳудудларда портлаш овозлари эшитилди. Киевда ҳужум туфайли 18 қаватли турар жой биноси ёниб кетди, камида уч киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Сунъий интеллект чипларига талаб ортиб бораётгани ва АҚШ савдо чекловлари фонида Хитойнинг Huawei компанияси асосий эътиборни Ascend AI чипларини ишлаб чиқаришга қаратди ва Mate 60 смартфонларини ишлаб чиқаришни секинлаштирди, деб ёзди Reuters.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Президент администрацияси раҳбари Олжас Бектеновни бош вазир этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Тоқаев, шунингдек, ҳукуматнинг истеъфоси ва Бектенов номзоди юзасидан изоҳ берди.
Буюк Британия қироли Чарльз III саратон касаллигига чалинди. Даволаниш даврида у оммавий тадбирларда камроқ қатнашади. Букингем саройининг таъкидлашича, қирол яхши кайфиятда ва тез орада давлат вазифаларига қайтишга умид қилмоқда.
Венгриянинг ҳукмрон партияси аъзолари Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризаси бўйича овоз бериш жараёни ўтказилиши керак бўлган парламент йиғилишини бойкот қилди. Венгрия Европа Иттифоқидаги ҳали аризани маъқулламаган сўнгги давлат ҳисобланади.
Парижликлар йўлтанламаслар учун автотураргоҳлар нархини уч баробар ошириш тартибини қўллаб-қувватлади. Франция пойтахти расмийлари шу йўл билан ушбу турдаги автомобилларнинг ҳавони ифлослантиришига қарши курашиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилашни истамоқда.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматининг истеъфоси қабул қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳукуматнинг истеъфога чиқиш сабаблари ҳақида маълумот берилмаган. Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб бунгача ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлган Роман Скляр тайинланди.
Бишкекда шаҳарнинг катта қисмини иссиқлик билан таъминлайдиган ИЭСда портлаш содир бўлди. Аҳолига иссиқ сув таъминоти тўхтатилди, мактаб ва боғчалар онлайн таълимга ўтказилди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров вазиятни ўз назоратига олди.
Эрон ТИВ мамлакатга сайёҳ сифатида келадиган 28 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари 4 февралдан визасиз кира олишини маълум қилди. Бундай қарор орқали Эрон ҳақидаги салбий пропаганда ва эронофобияга чек қўйилиши билдирилган.
ЖССТга кўра, 2050 йилга бориб дунёда саратон касаллигига чалинганлар сони 35 миллиондан ошади. Бунга нафақат аҳоли сони ва яшаш давомийлигининг ўсиб бораётгани, балки тамаки истеъмоли ёки ҳавонинг ифлосланиши каби омиллар ҳам таъсир қилади.
Оқ уй Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базасига қилинган ҳужум оқибатида америкалик аскарлар ҳалок бўлгани сабаб Ироқ ва Суриядаги Эрон билан боғлиқ нишонларга зарба бериш режаларини маъқуллади.
Европа Иттифоқининг барча 27 давлати Украинага 50 млрд евро миқдоридаги ёрдам пакетини беришга рози бўлди. «Биз нима хавф остида турганини биламиз», — деди Еврокенгаш раҳбари Шарль Мишель. Аввалроқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан пакетга қарши чиққан эди, бироқ ЕИ у билан муросага эриша олди.
Қозоғистон парламенти аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оиладаги (маиший) зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатда калтаклашга ҳам жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон давлат сирларини ошкор қилганликда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу сиёсатчига олти ой ичида чиқарилган иккинчи ҳукм саналади: ўтган ёзда суд уни коррупцияда айбдор деб топганди.
Ўзбекистон Transparency International ташкилотининг коррупцияни қабул қилиш индексида 180 мамлакат ичида 121-ўринни эгаллади. Йил давомида мамлакат беш поғонага кўтарилди. Ташкилот экспертлари коррупцияга қарши янада самарали курашиш учун «кенг қамровли ислоҳотлар» зарурлигини таъкидлади.
Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили 2021 йилдан бери эгаллаб келган лавозимидан истеъфога чиқишини маълум қилди. У ҳукмрон партияни 2024 йил кузида бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёрлаш учун бошқаради.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг