Америка Қўшма Штатлари Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базасига уюштирилган дрон ҳужумига жавобан Ироқ ва Суриядаги Эрон нишонларига зарба бериш режалари бўйича келишиб олди, деб хабар бермоқда CBS News президент Жо Байден администрацияси расмийларига таяниб.

Телеканал манбаларининг қайд этишича, об-ҳаво ҳужумлар вақтини белгилаб берувчи асосий омил бўлади.

«АҚШ армияси ёмон об-ҳаво шароитида ҳам зарба бериш имкониятига эга, бироқ нишонлар яхшироқ кўринадиган вақтни танлашни афзал кўради: сўнгги дақиқада ҳудудда пайдо бўлиб қолиши мумкин бўлган тинч аҳолини беихтиёр нишонга олиб қўйишнинг олдини олиш учун», — деб ёзади CBS.

28 январь куни номаълум дрон АҚШнинг Иорданиядаги Tower 22 ҳарбий базасига зарба берганди, оқибатда уч нафар аскар ҳалок бўлган, 40 дан ортиқ киши жароҳатланган. АҚШ ҳужумда Эронни айблаган, Байден эса Америка ҳужумга жавоб қайтаришига ваъда берган. Теҳрон ҳужумга алоқадорлигини рад этади.