Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Ғазо секторида 135 кунлик ўт очишни тўхтатиш режасини таклиф қилди, бу муддат давомида гаровга олинганлар озод қилинади, Исроил эса қўшинларини анклавдан олиб чиқади, деб хабар бермоқда Reuters.

Агентликнинг қайд этишича, ҲАМАСнинг режаси ўтган ҳафта Қатар ва Миср воситачилари томонидан юборилган ҳамда Исроил ва АҚШ томонидан маъқулланган таклифга жавоб бўлди. ҲАМАС йўқ қилинмагунича қўшинларини Ғазодан олиб чиқмаслигини айтган Тель-Авив ҳозирча очиқча жавоб бермади.

ҲАМАСнинг жавоб таклифи ҳар бири 45 кун давом этадиган уч босқичли сулҳни назарда тутади. Биринчи босқичда гуруҳ қолган исроиллик гаровга олинганларни — аёллар, 19 ёшгача бўлган эркаклар, қариялар ва касалларни фаластинлик маҳбуслар — аёллар ва болаларга алмаштиришни таклиф қилмоқда. Бунда Исроил Ғазодаги аҳоли пунктларидан қўшинларини олиб чиқишга ҳам мажбур бўлади.

Айнан шу босқичда томонлар ҳарбий ҳаракатларни тугатиш бўйича «билвосита музокаралар» ўтказишлари керак бўлади, шундан сўнг иккинчи босқич бошланади, унда гаровга олинган эркакларнинг қолган барча қисми озод қилинади. Учинчи босқичнинг охирига келиб, томонлар ўлик ва жасадларни алмаштиради.

ҲАМАС сулҳ натижасида Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдами кўпайишидан ҳам умид қилмоқда.

Аввалроқ Исроил ва ҲАМАС сулҳ бўйича принципиал келишувга эришгани, сулҳ давомида исроиллик асирлар фаластинлик асирларга алмаштирилиши ҳақида хабар берилган эди. Сулҳ бўйича музокараларда Қатар, АҚШ ва Миср воситачилик қилмоқда.

Можаро хронологияси:

  • 2023 йил 7 октябрда Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилиб, камида 1200 исроилликни ўлдирди, 200 дан ортиғини гаровга олди.
  • Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди, анклавга интенсив ҳаво ҳужумлари уюштирди ва қўшин юборди.
  • Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаролар давомида минтақада 27,5 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.