Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили ўз лавозимини тарк этади. Бу ҳақда у ҳукумат маъмуриятидаги брифингда маълум қилди, деб ёзди Paper Kartuli.

«Жамоа билан муҳокама қилган қароримиз ҳақида жамоатчиликни хабардор қилмоқчиман. Бугун мен бош вазир лавозимини тарк этаман», — деди Гарибашвили.

Гарибошвили ўз истеъфосини 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик ва парламент сайловларига тайёргарлик кўриш билан асослади, деб ёзади нашр. Сиёсатчига кўра, у энди ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси раисига айланади.

«Биз сентябрь ойи охирида янги парламентни сайлаймиз ва „Грузия орзуси“ бошқа, каттароқ мақсадларга эришиш йўлида олдинга интилишда давом этиши учун сайловларда ишончли ғалабага тайёр бўлиши керак. Ана шу сиёсий воқеликдан келиб чиқиб, сиёсий кенгашдан партия раиси лавозимини эгаллаш таклифини олдим», — деди у.

Бу Гарибашвилининг бош вазирликдан иккинчи истеъфоси, дея аниқлик киритмоқда Newsgeorgia. У биринчи марта 2013−2015 йилларда Грузия ҳукуматини бошқарган. Ўшанда ҳам у ўз лавозимини истеъфога чиқиш йўли билан тарк этганди. Гарибашвили 2021 йил февралида иккинчи марта бош вазир бўлган.

«Грузия online» нашрининг қайд этишича, «Грузия орзуси» партиясининг амалдаги раиси Ираклий Кобахидзе Гарибашвилининг ўрнини эгаллайди.