Европа суди келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг ўзига нисбатан санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги апелляциясини рад этди. 7 февралдаги қарор суд сайтида эълон қилинди.

Усмонов 2022 йилнинг февралида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейинги дастлабки кунларда Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган эди. ЕИ уни Россия президенти Владимир Путин билан «жуда яқин алоқага эга» ва «Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги беқарорлашувга масъул бўлган россиялик шахсларга моддий ёки молиявий ёрдам кўрсатган» олигарх сифатида тан олган.

Миллиардернинг ўзи эса Путин билан алоқалари туфайли эмас, балки шуҳрати ва бойлиги туфайли ЕИ санкциялари учун қулай нишон бўлганини таъкидлади, деб ёзади Bloomberg.

Усмонов томони санкция қўллаш учун сабаб етарли эмаслиги, асослар жуда ноаниқ эканини таъкидлади. Бироқ суд санкция далилларини етарли деб топди ва Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни рад этди.

Европа суди ЕИнинг сўнгги инстанция суди бўлиб, унинг қарорлари устидан шикоят қилиш мумкин эмас.

  • 2022 йил ноябрида Financial Times Ўзбекистон ҳукумати миллиардерга тегишли бойликнинг бир қисмини мамлакат иқтисодиётига инвестиция қилиш имкониятини чеклаб қўйгани учун ЕИдан Усмоновга нисбатан қўлланган санкцияларни бекор қилишни сўраганини ёзган.
  • АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония ва Украина ҳам миллиардерга қарши санкциялар киритган. Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам унга тегишли айрим мол-мулкларнинг қонуний эгаси экани сабабли санкциялар рўйхатига киритилган.