Transparency International халқаро коррупцияга қарши ташкилоти 2023 йил учун Коррупцияни идрок қилиш индексини эълон қилди.

Янги рейтингда Ўзбекистон 2022 йилга нисбатан беш поғонага кўтарилиб, 180 та давлат ичида 121-ўринни эгаллади. Мамлакат бу жойни Ангола, Мўғулистон ва Перу билан баҳам кўради.

100 баллик индекс бўйича (бу ерда 0 — коррупциянинг ўта юқори даражаси, 100 — ўта паст даража) Ўзбекистон 33 балл (бир йил аввал — 31 балл эди) тўплади. Ўзбекистон 2021 йилда 140, 2020 йилда 146-ўринда эди.

Ташкилотнинг минтақавий шарҳида сўнгги йилларда Ўзбекистон рейтингини сезиларли даражада яхшилашга ёрдам берган асосий чора-тадбирлар қаторида Коррупцияга қарши кураш агентлигининг ташкил этилиши, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш қайд этилган.

«Таъкидлаш жоизки, ушбу қонунларни амалга ошириш учун чоралар ва тартиблар ишлаб чиқилган ва кўплаб коррупционерларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Ҳукумат, шунингдек, турли вазирликлар ва маҳаллий ҳукуматларда янада қаттиқроқ ички назорат ва аудит воситаларини, жумладан, порахўрликнинг олдини олиш механизмларини жорий қилди», — деб таъкидлайди Transparency International экспертлари.

«Аммо авторитар тузум ошкоралик ва демократия тамойилларини жорий этишга, қонун чиқарувчи ва давлат институтлари устидан назоратни амалга оширишга, норози одамларни таъқиб қилишда адлия тизимидан фойдаланишга уринишларга қаршилик қилмоқда. Бу коррупцияни кучайтиради ва кенг қамровли ислоҳотлар зарурлигини билдиради», — дейилади шарҳда.

19 давлатни (жумладан, Ўзбекистонни) ўз ичига олган Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг яхши натижани Грузия кўрсатди — 49-ўрин (53 балл). Қозоғистон 39 очко билан 93-поғонадан жой олди.

Рейтингда Беларус 98-ўринда (37 балл), Украина 104-ўринда (36). Қирғизистон ва Россия 26 очко жамғариб, 141-ўринни бўлишди.

Тожикистон (20) ва Туркманистон (18) мос равишда 162 ва 170 ўринни эгаллади.

Бу йилги рейтингнинг етакчиси яна Дания (90 балл) бўлди. Ундан кейин Финляндия (87) ва Янги Зеландия (85).

Рўйхатнинг охирги поғонасида 177-ўринни бўлишиб турган Сурия ва Венесуэла (13 очко) ва Сомали (180-ўрин, 11 очко) жойлашган.