Россия Марказий сайлов комиссияси (МСК) мамлакат президентлиги учун сайловда урушга қарши ягона номзод бўлиб турган Борис Надеждинни рўйхатга олишдан бош тортди.

МСК ишчи гуруҳи уни қўллаб-қувватлаш учун йиғилган 105 мингга яқин имзодан 9147 тасини ҳақиқий эмас деб топди. Россия қонунчилигига кўра, номзодни рўйхатга олиш учун яроқсиз имзолар улуши 5 фоиздан ошмаслиги керак.

Надеждин Марказий сайлов комиссиясининг қароридан рози эмаслигини ва бу бўйича Россия Олий судига шикоят қилишини айтди.

«Мен бутун Россия бўйлаб 200 мингдан ортиқ имзо тўпладим. Биз имзо йиғиш жараёнини очиқ ва ҳаққоний ўтказдик — бутун дунё бизнинг штабларимиз ва имзо йиғиш пунктларимиздаги навбатларга гувоҳ бўлди. 2024 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш ҳаётимдаги энг муҳим сиёсий қарордир. Мен ниятимдан қайтмайман», — деб ёзди у ўзининг Telegram каналида.

Россияда президентлик сайловлари 15−17 март кунлари бўлиб ўтади. Ҳозиргача тўрт нафар номзод рўйхатга олинган: Владимир Путин, Леонид Слуцкий (ЛДПР), Владислав Даванков («Новые люди») ва Николай Харитонов (КПРФ).

  • 60 ёшли Борис Надеждин — Россия Давлат Думасининг собиқ депутати. Сиёсатчи нопарламент партия ҳисобланган «Фуқаролик ташаббуси» партиясидан мустақил номзод сифатида кўрсатилган.
  • У Украинадаги урушни тугатишни очиқчасига ёқлаб чиқди ва ўзини Россия президенти Владимир Путин сиёсатининг «мухолифи» деб атади, деб ёзади BBC рус хизмати. Надеждиннинг кампанияси январь ойи охирида оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди, ўшанда одамлар уни қўллаб имзо қўйиш учун Россия ва хориждаги шаҳарларда навбатга туришни бошлаганди. Кўплаб оппозицион россиялик сиёсатчилар Надеждинни қўллаб-қувватлашга чақирган.