Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев фармони билан мамлакат Президент администрацияси раҳбари Олжас Абаевич Бектенов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, мамлакат бош вазири этиб тайинланди. Тегишли фармонни давлат раҳбари матбуот хизмати эълон қилди.

5 февраль куни Тоқаев ҳукуматнинг истеъфосини қабул қилганди. Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб Роман Скляр тайинланганди. Ҳужжатда Қозоғистон ҳукумати аъзолари ҳукуматнинг янги таркиби тасдиқланмагунча ўз вазифаларини бажаришда давом этиши қайд этилган.

Бош вазири лавозимига Олжас Бектенов номзодини президентга «Аманат» сиёсий партияси номидан Парламент Мажилиси ва «Аманат» партияси раиси Эрлан Кошанов таклиф қилди.

Шундан сўнг мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ давлат раҳбари таклиф этилган номзодни парламентдаги партия фракциялари раҳбарлари билан муҳокама қилди.

«Тажрибали давлат хизматчиси, олий маълумотли, ташкилотчилик қобилияти яхши, меҳнаткаш. Шу боис ўз мақсадларига эришиш учун унинг салоҳияти етарли, деб ўйлайман», — дея изоҳлади Тоқаев Олжас Бектенов номзоди бўйича қарорини.

Шунингдек, президент ҳукуматни истеъфога чиқариш қарорини қуйидагича изоҳлади:

«Ҳукумат тезкор қарорлар қабул қилиш ва самарали қадамлар қўйишда янги, муҳим роль ўйнаши керак. Халқимиз фаровонлиги йўлида иқтисодиётни диверсификация қилишни рағбатлантириш бўйича дадил, қатъий қарорлар қабул қилишимиз зарур. Янги воқеликка мослашиш керак. Биз янги қийинчиликларга дош бера олишимиз, ҳукумат бунга тайёр бўлиши даркор. Ҳукумат фаолиятига янги туртки бериш керак, буни жамоатчилик ҳам кутмоқда. Шу сабабдан Алихан Смаиловнинг истеъфосини қабул қилдим. Унинг раҳбарлигидаги ҳукумат барча соҳаларда барқарорликни таъминлади».

Олжас Бектенов ҳақида

  • Олжас Абаевич Бектенов 1980 йил 13 декабрда Олмаота шаҳрида туғилган.
  • 2001 йилда Қозоғистон давлат юридик академиясини тамомлаган.
  • 2006−2009 йилларда Президент администрациясида турли лавозимларда ишлаган.
  • 2009−2012 йилларда Қозоғистон Адлия вазирлигининг рўйхатга олиш хизмати ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.
  • 2012−2014 йилларда Қозоғистон Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш агентлигида бўлим бошлиғи бўлган.
  • 2015−2016 йилларда — Остона шаҳри ҳокими аппарати раҳбари бўлган, Қозоғистон Президент администрацияси раҳбари котибиятини бошқарган.
  • 2016−2017 йилларда Коррупцияга қарши кураш миллий бюросининг Остонадаги департаментини бошқарган.
  • 2017−2018 йилларда Ақмола вилояти ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.
  • 2018 йил июнидан Қозоғистон Давлат хизмати ва коррупцияга қарши кураш ишлари бўйича агентлиги раисининг ўринбосари бўлган, 2019 йил июнида Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. 2022 йил февралидан 2023 йил апрелигача агентликни бошқарган.
  • 2023 йил 3 апрелда давлат раҳбарининг фармони билан Олжас Бектенов Қозоғистон Президент администрацияси раҳбари лавозимига тайинланганди.