Украина ҳукумати хабарига кўра, Россия армияси 7 февраль куни эрталаб Украинага яна йирик ҳужумлар уюштирди. Киев шаҳри, Николаев, Киев, Харьков, Днепропетровск ва Львов вилоятларида портлашлар содир бўлди.

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучларининг аниқлик киритишича, Россия қўшинлари Украина бўйлаб ҳужумларда жами 64 та ракета ва дрон, жумладан, қанотли, баллистик ва зенит ракеталардан фойдаланди. Украина ҳаво мудофааси улардан 44 тасини — 29 та ракета ва 15 та дронни йўқ қилди.

Киевда 18 қаватли турар жой биноси ракета ҳужуми сабабли ёниб кетди. Сўнгги маълумотларга кўра, шаҳарда 21 киши жароҳатланган, камида 3 киши ҳалок бўлган. Украина Ички ишлар вазирлиги вайроналар остида одамлар бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Киевга ҳужум пайтида Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Украина пойтахтига ташриф буюрганди. У тонгни бомбапаноҳда ўтказганини билдириб, ўз суратини эълон қилди. «Бу Россия ўз ноқонуний агрессиясини бошлаганидан бери жасур Украина халқининг кундалик ҳақиқатидир», — деб ёзди Боррель Х тармоғида.

Николаевда 20 га яқин турар жой бинолари, шунингдек, газ ва сув таъминоти тармоқларига зарар етди. Ҳодисалардан кейин бир киши реанимацияда вафот этди. Жабрланганлар бор, уларнинг сони ҳали аниқ эмас.

Харьков вилоятига, маъмурият маълумотларига кўра, камида тўртта зарба берилган. Уйлар ва нотураржой инфратузилмаси зарар кўрган. Икки киши жароҳатланган.

Днепропетровск вилоятида камикадзе дронлари Новомосковск вилоятидаги коммунал хизмат кўрсатиш корхонасига зарар етказди. Қурбонлар йўқ.

BBC рус хизматининг қайд этишича, бу декабрь ойи охиридан бери Россиянинг Украина шаҳарларига қилинган олтинчи оммавий зарбасидир. Аввалгиси 23 январь куни бўлганди.

Россия томони Украина шаҳарларига уюштирилган ҳужумга ҳозирча изоҳ бермади.