Қозоғистон парламенти аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Ҳужжатда, хусусан, калтаклаш ва қасддан баданга енгил шикаст етказишни жиноий жавобгарликка тортиш таклиф қилинмоқда. Ҳозирда ушбу моддалар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига қуйидагилар киритилмоқда:

  • оиладаги зўравонлик тўғрисидаги мавжуд маълумотларга асосланиб жабрланувчининг баёнотисиз судга даъво аризаси бериш;
  • педофиллар учун умрбод қамоқ жазоси;
  • ўз жонига қасд қилишга тарғиб қилганлик ёки ўз жонига қасд қилишга ундаганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш;
  • ҳар қандай вақтда олдиндан огоҳлантирмасдан болалар учун мактаб-интернатларни текшириш.

Депутат ва ўзгартиришлар муаллифларидан бири Асхат Аямагамбетов аввалроқ қонун лойиҳасида амалдаги қонунчиликка жами 40 та ўзгартириш киритилганини таъкидлаганди. Оилавий зўравонлик учун жазони кучайтиришни, шунингдек, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам қўллаб-қувватлаган эди.

Tengrinews.kz. нашрининг аниқлик киритишича, 2023 йилда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига оилавий зўравонлик юзасидан 99 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган, 69 нафар аёл ва 7 нафар бола унинг оқибатида ҳалок бўлган.