Венгрия парламентининг Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризаси бўйича овоз бериши керак бўлган мажлиси ҳукмрон «Фидес» партияси бойкот эълон қилгани сабабли тўхтатилди, деб хабар бермоқда Reuters.

Мухолифат партиялари ташаббуси билан 5 февраль куни навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди. Аммо етарлича парламентарийлар йўқлиги сабабли овоз беришни бекор қилишга тўғри келди. Учрашувга НАТО давлатларининг бир қанча элчилари, жумладан, АҚШнинг Венгриядаги элчиси Дэвид Прессман ҳам келганди.

Кейинги йиғилиш 26 февралда, қишки танаффусдан кейин қонун чиқарувчи орган йиғилишида бўлиб ўтиши мумкин, дея аниқлик киритади Bloomberg.

Бош вазир Виктор Орбан раҳбари бўлган «Фидес» партияси депутатлари аризани ратификация қилишларидан олдин Швеция бош вазири Ульф Кристерссон Будапештга ташриф буюришини исташларини маълум қилди. Партия парламентда энг кўп ўринларга эга.

Венгрия Шимолий Атлантика альянсидаги Швеция аризасини қабул қилмаган охирги давлат бўлиб қолмоқда. НАТО қоидаларига кўра, янги давлатлар иттифоққа фақат унинг барча аъзолари розилиги билан аъзо бўлиши мумкин.

Ғарб расмийлари Будапешт қароридан ҳайратда, деб ёзади The Guardian. Швеция 2022 йилда аъзолик учун ариза берганидан бери Венгрия ҳеч қандай расмий эътироз билдирмаган, лекин уни ратификация қилишни кечиктиришда давом этмоқда, деб таъкидлади нашр.

  • Январь ойида Швециянинг НАТОга аъзолиги ҳақидаги қарор Туркия парламенти томонидан узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг маъқулланган эди. Шундан сўнг Орбан Венгрия ҳукуматига Швециянинг альянсга аъзолигини «энг тез фурсатларда» ратификация қилишни тавсия қилганди.
  • Швеция ва Финляндия Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши фонида 2022 йил май ойи ўрталарида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Бунгача иккала давлат ҳам ҳарбий иттифоқларга қўшилишдан қочган. Финляндия 2023 йил апрель ойида альянсга аъзо бўлганди.