Покистон суди 30 январь куни собиқ бош вазир Имрон Хонни давлат сирларини ошкор қилганликда айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар бермоқда BBC.

Айбловга кўра, 72 ёшли Хон Покистоннинг Вашингтондаги элчисининг Исломободдаги ҳукуматга юборган махфий телеграмма мазмунини ошкор қилган. У бу ҳужжатни бош вазирликдан четлатилганидан сўнг митингга олиб чиққан, шунингдек, буни истеъфога чиқиши хорижий фитна натижаси эканининг исботи дея атаган.

Бу Покистон ҳукуматининг собиқ раҳбарига сўнгги олти ой ичида чиқарилган иккинчи ҳукмдир. 2023 йил августида Имрон Хон коррупцияда айбдор деб топилиб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Сиёсатчи устидан суд жараёни кетаётган пайтда мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Хоннинг ўзи эса қўйилган барча айбловларни сиёсий мотивларга асосланган, деб атаган. Собиқ бош вазирнинг «Теҳрик-э-Инсаф» партияси ҳукмга қарши чиқмоқчи.

Хон билан бирга Покистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурейши ҳам 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб ёзади BBC.

  • Собиқ бош вазирга қарши яна 150 дан ортиқ суд иши кўриб чиқилмоқда. Унга қўйилган айбловлар орасида судга ҳурматсизлик, терроризм ва зўравонликка ундаш киради, дея аниқлик киритди AP.
  • Ҳукм Покистонда парламент сайловларига саккиз кун қолганида чиқди. Хоннинг судлангани сабабли жараёнда иштирок этиши тақиқланган. Шу билан бирга, сиёсатчи ўз тарафдорларининг қўллаб-қувватлаши ва тузумга қарши риторика туфайли мамлакатда «қудратли сиёсий куч» бўлиб қолмоқда, дея қайд этади агентлик.
  • Имрон Хон 2018 йилдан 2022 йилгача Покистон бош вазири лавозимида ишлаган. У Покистон тарихида парламентда ишончсизлик вотуми билан ҳокимиятдан четлатилган биринчи ҳукумат раҳбари бўлди.