Озарбайжоннинг амалдаги президенти Илҳом Алиев навбатдан ташқари президентлик сайловларида 92,05 фоиз овоз тўплади. Бу маълумотларни 8 февраль куни эрталаб мамлакат Марказий сайлов комиссияси раиси Мазахир Панахов сайлов бюллетенларининг 93,35 фоизини кўриб чиқиш натижаларига кўра эълон қилди, дея хабар берди «Азертадж».

Давлат раҳбари лавозими учун курашаётган қолган олти номзод 2,19 фоиздан 0,53 фоизгача овоз олди.

МСК маълумотларига кўра, сайловда якуний давомат 76,73 фоизни ташкил этиб, рўйхатга олинган 4 млн 971 минг 32 нафар сайловчи иштирок этган.

Сайлов натижалари округ сайлов комиссияларининг баённомалари расмийлаштирилгандан сўнг 9 февраль куни эълон қилинади. Шундан сўнг МСК баённомани тасдиқлаш учун Конституциявий судга юборади, дея аниқлик киритди Панахов.

Озарбайжон раҳбари сайтида маълумот берилишича, Алиевни сайловдаги ғалабаси билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпинь, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва бошқа етакчилар аллақачон табриклаган.

  • 7 февраль куни Озарбайжонда муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Мамлакатда навбатдаги президентлик сайловлари 2025 йилнинг апрел ойида бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ, 2023 йил декабр ойида Алиев сайловларни бир йил олдинга суриш ҳақидаги фармонни имзолади.
  • Алиев сайловларни олдинга суриш бўйича қарорини учта сабаб билан изоҳлади. Биринчидан, унинг айтишича, Тоғли Қорабоғнинг тўлиқ Озарбайжон назоратига ўтиши билан сайловлар «бир даврнинг тугашини» ва «янги даврнинг бошланишини» англатади. Иккинчидан, сайловлар биринчи марта бутун мамлакат бўйлаб, жумладан Қорабоғда ҳам ўтказилади, дея қайд этди Алиев. Учинчидан, сайловлар унинг 20 йиллик президентлик даври бўйича хулосалар беради.
  • Алиевнинг ўзи оила аъзолари билан Тоғли Қорабоғнинг Ханкенди шаҳридаги сайлов участкасида овоз берди.
  • Илҳом Алиев Озарбайжонни 2003 йилнинг октябридан буён бошқариб келмоқда, бу унинг президент сифатидаги бешинчи муддати бўлади. Бу лавозимда у отаси Ҳайдар Алиевдан кейин келган.