Европа Иттифоқи давлатлари Украинага 50 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам беришга келишиб олди. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель маълум қилди. Ёрдам мамлакатнинг 2024−2027 йиллардаги эҳтиёжларини қоплаши керак.

«Барча 27 та давлат раҳбарлари Украинага ЕИ бюджети доирасида қўшимча 50 миллиардлик ёрдам пакети ажратиш бўйича келишиб олди. Бу Украина учун доимий, узоқ муддатли ва тахмин қилиш мумкин бўлган молиялашни таъминлайди», — деб ёзган Мишел.

«ЕИ Украинани қўллаб-қувватлашда етакчилик ва масъулиятни ўз зиммасига олади. Биз нима хавф остида турганини биламиз», — дея қўшимча қилди у.

Украина президенти Владимир Зеленский ЕИ қарорига муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, «ЕИнинг Украинага молиявий ёрдамини давом эттириши бизнинг узоқ муддатли иқтисодий ва молиявий барқарорлигимизни мустаҳкамлайди, бу ҳарбий қўллов ва Россияга қарши санкциялар босимидан камроқ аҳамиятга эга ёрдам эмас».

«Бу қарор барча 27 етакчи томонидан қабул қилингани жуда муҳим. Бу Евроиттифоқ қудратли бирлик эканини яна бир бор исботлайди», — деди Украина раҳбари.

ЕИ Украинага ёрдам пакетини 2023 йил декабрида тасдиқлаши керак эди, бироқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан унга вето қўйган. Бундан аввал у Киев билан Европа Иттифоқига аъзолик бўйича музокаралар бошланишига ҳам қарши чиққан эди.

1 февралдаги саммит олдидан Орбан агар маблағ ҳар йили барча иштирокчилар томонидан бир овоздан маъқулланса, Украинага маблағ ажратишга рози бўлишга тайёрлигини айтган.

Фото: European Union.Фото: European Union.

Reuters агентлигининг ёзишича, саммит олдидан ЕИ етакчилари Орбанга босимни кучайтириб, ундан «Россияга қарши уруш туғдираётган экзистенциал муаммода бир томонни танлашни» сўрашган.

Агентлик европалик дипломатларга таянган ҳолда ЕИ муроса сифатида пакетни ва уни қайта кўриб чиқиш масаласини ҳар йили муҳокама қилишга рози бўлганини, бироқ бу Венгриянинг Украинани қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилиш ҳуқуқисиз амалга оширилишини таъкидлади.