Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2050 йилга бориб саратон касаллигига чалинганлар сони 35 миллиондан ошиб кетишини прогноз қилмоқда. Бу 2022 йилда қайд этилган 20 миллион саратон касаллиги кўрсаткичидан 77 фоизга кўп.

Прогноз ЖССТ тизимига кирувчи Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги (ХСТА) томонидан баҳоланган. Ҳисобот 4 февралда нишонланадиган Бутунжаҳон саратонга қарши кураш куни арафасида эълон қилинди.

«Саратон касаллигининг тез ўсиб бораётган таҳдиди дунё аҳолисининг қариш даражаси ва сонининг ошиб борётгани, шунингдек, одамларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ хавф омиллари таъсирининг ўзгаришини акс эттиради», — дейилади ташкилот хабарида. Тамаки, алкоголь, ортиқча вазн ва ҳавонинг ифлосланиши саратон касаллиги кўпайишининг асосий омиллари бўлиб қолмоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёдаги энг кенг тарқалган учта саратон касаллиги турлари ўпка саратони, кўкрак бези саратони ва йўғон ичак саратони бўлган.

Ўпка саратони 1,8 миллион ўлимни ёки шу турдаги касалликлар умумий ўлимининг 18,7 фоизини ташкил этган. Ундан кейин йўғон ичак саратони — 900 минг ўлим (9,3 фоиз), жигар саратони — 760 минг ўлим (7,8 фоиз), кўкрак бези саратони — 670 минг ўлим (6,9 фоиз) ва ошқозон саратони — 660 минг ўлим (6,8 фоиз). 2022 йилда саратон касаллигидан жами 9,7 миллион киши вафот этган.

Мутахассислар саратон, айниқса, кўкрак бези саратонининг инсон тараққиёти индексига (ИТИ) боғлиқлигини таъкидлайди. Инсон тараққиёти индекси жуда юқори бўлган мамлакатларда ҳар 12 аёлдан бири ҳаёти давомида кўкрак бези саратони билан касалланади ва ҳар 71 аёлдан бири бу касалликдан вафот этади. Бундан фарқли ўлароқ, инсон тараққиёти индекси паст бўлган мамлакатларда ҳар 27 аёлдан бири ҳаёти давомида кўкрак бези саратони билан касалланади ва ҳар 48 аёлдан бири вафот этади.

«ИТИ паст мамлакатларда аёлларга кўкрак бези саратони билан касаллангани ҳақида ташхис қўйиш эҳтимоли индекси юқори бўлган мамлакатлардаги аёлларга қараганда 50 фоизга камроқ. Шу билан бирга, кеч ташхис қўйилгани ва сифатли даволаниш имконияти етарли бўлмагани учун уларда ушбу касалликдан ўлиш хавфи ҳам анча юқори», — дейди ХСТА саратонни кузатиш бўлими бошлиғи ўринбосари Изабель Суржоматарам.

Глобал тенгсизлик саратон хизматларини қамраб олиш даражасида ҳам ўз тасдиғини топган. Яъни юқори даромадли мамлакатларда ўпка саратонини даволаш билан боғлиқ процедураларнинг давлат томонидан қопланадиган тиббий хизматлар рўйхатига киритилиш даражаси кам даромадли мамлакатларга қараганда 4−7 баравар кўпроқ.

«ЖССТ томонидан олиб борилган янги глобал тадқиқотда жиддий тенгсизликлар ва саратон касаллигидан молиявий ҳимоянинг етишмаслиги сабабли бутун дунё бўйлаб, айниқса, кам даромадли мамлакатларда саратон касаллигини даволашнинг муҳим усулларидан маҳрум бўлган аҳоли ҳақида сўз боради», — дейди соғлиқни сақлаш департаменти директори доктор Бенте Миккельсен.

Умуман олганда, ЖССТнинг 115 мамлакатда ўтказилган сўрови натижалари шуни кўрсатадики, аксарият мамлакатларда саратон касаллигини даволашда зарур бўлган хизматлар учун етарли маблағ йўқ. Иштирокчи мамлакатларнинг атиги 39 фоизи саратон касаллигининг асосий даволаш харажатларини қоплайди ва фақат 28 фоизи паллиатив ёрдамга муҳтож одамларга ёрдам беради.