Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Али-Реза Бигдели мамлакатга сайёҳ сифатида келадиган 28 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари 4 февралдан бошлаб визасиз кира олишини маълум қилди, дея хабар бермоқда IRNA ахборот агентлиги.

Унинг таъкидлашича, 28 та давлат қаторига Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Баҳрайн, Қувайт, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тунис, Танзания, Мавритания, Зимбабве, Маврикий, Сейшел ороллари, Япония, Индонезия, Сингапур, Куба, Вьетнам, Камбоджа, Бруней, Бразилия, Мексика, Перу, Хорватия, Сербия, Босния ва Герцеговина, Беларусь ва Ҳиндистон (ҳаво орқали) бор.

Ҳиндистон фуқаролари Эронга ҳаво транспортидан фойдаланган ҳолда киргандагина визасиз режим амал қилади, аммо агар улар қуруқликдаги чегаралар орқали кирмоқчи бўлса, виза олишлари керак.

2023 йил декабрь ойида Эрон ҳукумати 33 та давлат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун бир томонлама виза талабларини бекор қилиш ҳақидаги қарорни ратификация қилганди. Ўшанда мамлакат туризм вазири бу қарор Эрон ҳақидаги салбий пропаганда ва эронофобияга чек қўйишини билдирган.