2 февралга ўтар кечаси Бишкекдаги иссиқлик электр станциясида портлаш юз берди ва шаҳар аҳолисига иссиқ сув таъминоти бутунлай тўхтатилди, деб хабар берди Қирғизистон Энергетика вазирлиги. Ушбу ИЭС шаҳарнинг аксарият қисмини иссиқлик билан таъминлайди.

Ташкилот маълумотларига кўра, ҳодиса тахминан соат 3:00 да содир бўлган, ИЭСдаги қозонлардан бири портлаган. Ёнғинни олтита ўт ўчириш бригадаси бир неча соат давомида ўчирган.

Портлаш оқибатида ИЭСда ишлаётган беш киши жароҳатланган, улардан икки нафарининг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда. Жабрланганларнинг юзи, бўйни, гавдаси ва юқори нафас йўлларида I, II ва III даражали куйиш жароҳатлари юзага келган.

Иссиқлик ва иссиқ сув таъминотидаги чекловлар шаҳар аҳолисининг 66 фоизини қамраб олди, деб ёзди 24.kg Бишкек ҳокимиятига таяниб. Умуман олганда, фавқулодда узилиш 2493 та кўп хонадонли турар-жой биноларига таъсир кўрсатди, 60 минг хонадон иссиқлик таъминотисиз қолди.

Шаҳар мактаблари ва боғчалари 5 февралгача онлайн таълимга ўтказилди.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Бообек Ажикеевнинг маълум қилишича, расмийлар портлаш сабаби сифатида бир қанча версияларни, жумладан, уюштирилган саботажни кўриб чиқмоқда, чунки, унинг сўзларига кўра, «ИЭСда авариягача ҳам портлаш овозлари эшитилган». Ҳолатга техноген омиллар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди у.

Энергетика вазирлиги портлаш сабабларини аниқлаш учун тезкор штаб тузиб, вазиятни 2−3 кун ичида бартараф этишга ваъда берди. ФВВ эса бу 5−7 кун вақт олишини айтди. ИЭСда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Бахтсиз ҳодиса туфайли Қирғизистон ҳукумати раҳбари Акилбек Жапаров Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Қозоғистонга режалаштирган сафарини бекор қилиб, Бишкекка қайтиб келди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида у иситиш мавсумида бахтсиз ҳодисалар рўй берадиган бўлса, амалдорларни зудлик билан ишдан бўшатишини айтган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам ИЭСга ташриф буюриб, қайта тиклаш ишларининг боришини кўздан кечирди. Вазиятни шахсий назоратга олиб, портлаш оқибатларини тезроқ бартараф этиш бўйича кўрсатма берди.

Акилбек Жапаров ва Садир Жапаров (ўртада) ИЭСда. Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати.Акилбек Жапаров ва Садир Жапаров (ўртада) ИЭСда. Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Қирғизгидромет маълумотларига кўра, келаси ҳафтада Бишкекда ҳаво ҳарорати кечаси -2 дан -10 даражагача, кундузи -2 дан +5 даражагача ўзгариб туради.