Париж аҳолиси 4 февраль куни бўлиб ўтган шаҳар референдумида йўлтанламас автомобиллар учун автотураргоҳлардан фойдаланиш нархини уч баробар оширишни қўллаб-қувватлади, деб ёзди The Guardian. Шу тарзда расмийлар ушбу турдаги автомобилларнинг ҳаво ифлослантиришига қарши курашмоқчи.

Референдум иштирокчиларининг 54,6 фоизи янги тартиб учун овоз берди. Шу билан бирга, овоз беришда иштирок этиши мумкин бўлган 1,3 миллион парижликнинг тахминан 6 фоизи иштирок этди.

Янги тарифлар жорий йилнинг сентябрь ойидан кучга кириши кутилмоқда. Йўлтанламас автомобилларни тураргоҳга қўйиш нархи Парижнинг марказий туманларида 18 еврогача, қолган округларида эса 12 еврогача ошади.

Тарифлар оғирлиги 1,6 тоннадан ортиқ анъанавий ва гибрид двигателли транспорт воситаларига, шунингдек, оғирлиги икки тоннадан ортиқ бўлган электромобилларга нисбатан қўлланади.

Париж мерияси, шунингдек, автоҳалокатлар пайтида «пиёдалар учун оддий машинадан икки баравар хавфлироқ» бўлган йўлтанламаслар билан боғлиқ йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларига ҳам эътибор қаратди. Шунингдек, улар йўлда ҳам, тўхташ жойларида ҳам жамоат жойларини кўпроқ эгаллайди, дейди Париж расмийлари.

Лондон Франция пойтахтидан ўрнак олишни режалаштирмоқда, деб ёзди The Guardian. «Йўлтанламаслар кўпроқ жой эгаллайди ва биламизки, бизда йўл ҳаракати хавфсизлиги, углерод чиқиндилари билан боғлиқ ва бошқа муаммолар мавжуд», — деди Лондон мери Содиқ Хон шаҳарда ушбу машиналар учун тўхташ жойлари нархларининг ошиши мумкинлиги ҳақида гапириб.

2023 йил сентябридан бошлаб Парижда электр скутерларни ижарага олиш ҳам тақиқланган. Бундай қарор улар иштирокидаги бахтсиз ҳодисалар сонининг кўпайиши туфайли қабул қилинган.