Буюк Британия қироли Чарльз III саратон касаллигига чалинган. Бу ҳақда Букингем саройи маълум қилди.

«Қирол простата безининг кенгайиши бўйича яқинда касалхонага ётқизилганида, ташвишланишнинг яна бир сабаби аниқланди. Сўнгги диагностик текширувлар саратоннинг бир турини аниқлади», — дейилади хабарда.

Букингем саройи саратоннинг қайси шакли ва қайси босқичда эканини очиқламаган.

Сарой баёнотида айтилишича, қирол даволанишни бошлаган, бу даврда у давлат ишлари ва қоғозлар билан шуғулланишда давом этади, бироқ шифокорлар тавсиясига кўра оммавий тадбирлардан ўзини сақлайди.

Букингем саройи, шунингдек, қирол «ўз ҳолатига ижобий муносабатда бўлганини ва имкон қадар тезроқ давлат вазифаларига қайтишни интиқлик билан кутаётганини» таъкидлади.

The Guardian`нинг ёзишича, қирол ўз ўғиллари, шаҳзода Уилям ва Гарри (оиласи билан АҚШга жўнаб кетган), шунингдек, ака-ука ва опа-сингиллари: малика Анна ва шаҳзода Эндрю ва Эдвардга ташхис ҳақида шахсан айтиб берган. Кутилишича, шаҳзода Гарри тез орада отасини кўриш учун Буюк Британияга учади, унинг рафиқаси Меган Маркл эса фарзандлари билан АҚШда қолади.

Нашрнинг таъкидлашича, ҳозирча Букингем саройи қирол ҳаракатга лаёқатсиз бўлса, масъулият ўтадиган давлат маслаҳатчилари тайинлашни режалаштирмаяпти.

Сиёсатчилар, диний етакчилар ва таниқли шахслар Чарльз III ни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Британия бош вазири Риши Сунак бутун мамлакат қиролнинг тезроқ тузалиб кетишини тилашини айтди. «Мен унинг яқин келажакда тўлиқ тузалиб кетишига шубҳа қилмайман», — деб ёзган у.

Қиролнинг ташхиси ҳақидаги хабарга АҚШ президенти ҳам муносабат билдирди. «Саратонни ташхислаш, даволаш ва омон қолиш умид ва мутлақ жасоратни талаб қилади. Жилл ва мен Буюк Британия халқига қўшилиб, Жаноби Олийларининг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини сўраб дуо қиламиз», — деб ёзди Жо Байден.

  • Чарльз III 75 ёшда. У 2022 йил сентябрида онаси қиролича Елизавета II вафотидан кейин Буюк Британиянинг янги қироли бўлган.