ОАВ билан тизимли ишламагани учун Автоқўмита раиси ва Андижон шаҳар ҳокими огоҳлантирилди

Вазирлар Маҳкамаси мажлисида давлат органлари матбуот хизматлари фаолияти танқид қилинди. Жиззах вилоятидан бошқа барча ҳудудлар сайтида очиқ маълумотлар уч ойгача янгиланмагани таъкидланди. ОАВ ва жамоатчилик билан тизимли алоқаларни йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ва Андижон шаҳар ҳокими Бахромжон Ҳайдаров огоҳлантирилди.

Мурод Назаровнинг депутатлик ваколати муддатидан аввал тугатилди

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори билан депутат Мурод Назаровнинг депутатлик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. У ўз аризасига кўра депутатликдан кетган.

Зангиота туман ҳокими ёрдамчиси пора олаётганда ушланди

Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва кадастр бўлимининг собиқ ходими 1000 доллар пора олаётган вақтда қўлга олинди. Улар тадбиркорга турар-жой биноси қуриш учун рухсатнома ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилишган.

Дорилар ва тиббиёт буюмларини маркировкалаш 1 сентябрдан бошланади

Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими 2022−2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилинади. Биринчи босқич 1 сентябрдан бошланади.

Тошкентдаги «Ғалаба боғи» мажмуаси 30 апрелга қадар ёпилди

Тошкентнинг Олмазор туманидаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва «Шон-шараф» давлат музейи таъмирланаётгани туфайли боғга кириш 30 апрелгача тўхтатилади.

ОАВ: Ўзбекистон санкциялар туфайли Россияга автомобиль сотишни тўхтатди

UzAuto Motors санкциялар режимига амал қилиш доирасида Россияга автомобиль сотишни тўхтатди, деб хабар берди Eurasianet.

Ўтган 3 ойда 25 млрд сўмдан ортиқ табиий газдан ноқонуний фойдаланилган

Январь-март ойларида улгуржи истеъмолчилар томонидан 28 млн кубдан ортиқ табиий газ ноқонуний ишлатилгани маълум қилинди. Бу билан газ таъминоти корхоналари манфаатларига 25 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Фермер ер ажратиб беряпти, деб эшитиб борганмиз — чироқчиликлар ИИО ходимлари билан зиддият ҳақида

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Оқолтин МФЙда фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасида зиддият юзага келди. Вилоят ИИБ фермер ўз дала майдонини шудгор қилаётганда аҳоли вакиллари қаршилик кўрсатганини маълум қилди. Фуқаролар эса фермер еридан аҳолига тарқатиляпти, деб эшитиб келганларини таъкидлади. «Халққаям ер берсин, болаларимиз Россияда ишсиз юрибди», — деди можаро иштирокчиларидан бири.

Ўзбек чегарачилари ноқонуний юк олиб ўтмоқчи бўлган қирғизистонликларга ўқ узди, икки киши ҳалок бўлди

Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ҳудудидан ноқонуний юк олиб ўтмоқчи бўлган шахсларга қарата ўқ узди. Уларнинг икки нафари ҳалок бўлди, қолганлари Қирғизистон ичига қочиб кирган.

Ўзбекистон февраль ойида дунёдаги энг кўп олтин сотган давлат бўлди

Бутунжаҳон олтин кенгашининг ойлик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон февраль ойида 22 тонна олтин сотган ҳолда дунё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади. 1 март ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин захиралари 339 тонна ёки 20,72 млрд долларни ташкил қилмоқда.

8−11 апрель кунлари кучли шамол бўлиши кутилмоқда — Ўзгидромет

Ҳафтанинг пайшанба кунидан бошлаб республиканинг турли ҳудудларида шамол тезлиги ошиб, 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Айрим жойларда чанг тўзони ҳам бўлиши мумкин. Кучли шамол 11 апрелгаа давом этиши тахмин қилиняпти.

Йил бошидан буён Россиядан 133 минг меҳнат муҳожири қайтиб келди

Йил бошидан буён Россиядан Ўзбекистонга 133 минг нафар меҳнат муҳожири қайтган бўлса, шундан 50 минг нафари март ойида келди, деб хабар қилди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги. Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар ўртасида ўтказилган сўров респондентларнинг 60 фоизи ҳали қайтишни режалаштирмаганини кўрсатди. Шунингдек, Россияда иш ҳақини вақтида ололмаётган ўзбекистонликлар сони кескин ортгани айтилди.

Европага тайёр маҳсулот экспорт қилганларга ташиш харажатларининг 70 фоизи қоплаб берилади

Президент фармони билан 1 апрелдан маҳаллий корхоналарга Европа Иттифоқига юқори қўшилган қиймат маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизи, қўшни давлатларга ташишда эса харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилинади. Қолаверса, божхона омборида 6 ой турган товарларга имтиёз қўллашни тақиқловчи тартиб ҳам бекор бўлди.

ИТСВга ташқи савдо операцияларини тартибга солиш ваколати берилди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига 2023 йилга қадар Ўзбекистон ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмларини жорий қилиш ваколати берилди. Қолаверса, «Ўзтрейд» ва «Ўзсаноатэкспорт»даги давлат улуши Экспортни рағбатлантириш агентлигига берилди. Бундан ташқари, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 500 минг долларгача кредитлар ажратилади.

Ўзбекистонликлар қайси автомашина бренди билан кўпроқ қизиқишади?

Google trends маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар охирги бир йил ичида асосан Hyundai ва Kia автобрендлари ҳақида маълумот излашган. BMW`га асосан Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчилар қизиқса-да, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам ушбу брендга қизиқиш катта.

Коррупциявий жиноятларнинг учдан бирини соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари содир этган — Сенат раиси

Сенат раиси Танзила Нарбаева коррупциявий жиноятларнинг ҳар учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилганини маълум қилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри порахўрлик эмас, балки фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳолатлари кўпайгани айтилди.

12 — 15 апрель кунлари Ўзбекистон бўйлаб ёшлар учун молиявий саводхонлик дарслари бўлиб ўтади

«Global Money Week-2022» доирасида Марказий банк томонидан 12−15 апрель кунлари ёшлар учун молиявий саводхонлик бўйича маҳорат дарслари ташкил қилинади. Маҳорат дарслари ҳар бир вилоятнинг «Ёшлар марказ"ларида ўтказилади. Дарсларда қатнашувчиларга пул билан тўғри муносабатлар ҳақида билим ва кўникмалар берилиши айтилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Ўзбекистоннинг савдо баланси дефицити нега ўсиб бормоқда ва уни қандай бартараф этиш мумкин?

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда савдо баланси дефицити ортиб бормоқда. Меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажман қисқариши хавфи кучаймоқда, Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири Россияда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг пасайиши кутилмоқда, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатга экспортига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Иқтисодиёт фанлари доктори, ЖИДУ профессори Нишонбой Сирожиддинов Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш имконини берувчи иқтисодий сиёсат йўналишларини таҳлил қилади.