Вазирлар Маҳкамасининг 2 апрелдаги «Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги [149-сон] қарори қабул қилинди, деб хабар берди Norma.

Ҳужжат билан дори воситалари (субстанциялар бундан мустасно) ва тиббий буюмларни гуруҳларга бўлинишини назарга тутган ҳолда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини 2022−2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилиш назарда тутилган.

Мажбурий рақамли маркировкалашни бошлаш муддатлари ҳамда маҳсулотлар турлари қуйидагича белгиланди:

  • биринчи гуруҳ — иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари (орфан дори воситалари бундан мустасно) — 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб;
  • иккинчи гуруҳ — бирламчи (ички) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва доривор ангро — маҳсулотлари (орфан дори воситалари бундан мустасно) — 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб;
  • учинчи гуруҳ — орфан дори воситалари (кам учрайдиган касалликларни даволаш учун) — 2023 йил 1 мартдан бошлаб;
  • тўртинчи гуруҳ — махсус рўйхатга киритилган импорт қилинган тиббий буюмлар — 2025 йил 1 февралдан бошлаб.

Вазирлар Маҳкамаси қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • мажбурий рақамли маркировкаланадиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг идентификация кодлари рўйхати;
  • дори воситалари ва тиббий буюмларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги;
  • дори воситалари ва тиббий буюмларни хорижий ишлаб чиқарувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги;
  • улгуржи ва чакана савдо ташкилотларининг дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги;
  • соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги;
  • Дори воситалари ва тиббий буюмларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш тартиби тўғрисидаги низом.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2 апрель санасидан кучга кирди.

2020 йилда «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими ишга туширилганди. Тизим оператори Россияда товарларни маркировкалаш тизимининг ягона оператори бўлган Россия илғор технологияларни ривожлантириш маркази (ЦРПТ) томонидан яратилган CRPT Turon этиб белгиланди, унинг акциядори Алишер Усмоновнинг USM Holding компанияси ҳисобланади.

Февраль бошида тижорий материалда маркировкалаш бўйича пилот лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгани маълум қилинганди. Унда 27 та маҳаллий фармацевтика компанияси: Jurabek Laboratories, Nobel PharmSanoat, Nika Pharm, Remeddy Group ва бошқалар, қолаверса, KRKA, Dr. Reddy’s, Adamed, «Фармак», «Берлин Хими», Abbott Laboratories, Novartis Pharma Services, Claus Marsh каби 46 та хорижий ишлаб чиқарувчилар ҳам қатнашган.

Аввалроқ, 15 апрелдан бошлаб маиший техника воситаларини мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилиши ҳақида ёзгандик.