World Gold Council`нинг (Бутунжаҳон олтин кенгаши) ойлик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон февраль ойида олтин сотиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади.

Умуман олганда, жаҳон марказий банкларининг олтин захиралари бир ой давомида 6 тоннага камайди. Бироқ уларнинг умумий ҳажми ҳали ҳам сўнгги 31 йил ичида энг юқори даражада қолмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки 2020 йил декабрь ойидан бошлаб олтин захираларини минимал даражага тушириб, 22 тонна қимматбаҳо металл сотди. Ваҳоланки, қолган 339 тонна мамлакат олтин-валюта захирасининг 59 фоизини ташкил қилади, дейди таҳлилчилар.

Аввалроқ февралда олтин захираларининг физик ҳажми 700 минг унциядан кўпроққа, қиймати эса олдинги ойга нисбатан 50,4 млн долларга камайгани маълум қилинганди.

Иккинчи ўриндаги Қатар Марказий банки эса 6 тонна олтин сотган. Қозоғистон Миллий банки 5 тонна қимматбаҳо металь сотган бўлса, Мўғулистон ва Германия ўз захираларини бир тоннадан камайтирган.

Бир қатор давлатлар бир вақтнинг ўзида ўз захираларидаги олтин миқдорини оширдилар. Жумладан, Туркия бир ойда 25 тонна, Ҳиндистон 2,6 тонна, Ирландия эса 1 тонна олтин сотиб олди.

Экспертлар келажакда мамлакат регуляторлари томонидан олтин сотиб олиш ҳажмининг ошишини кутишмоқда. Россия-Украина можароси бозорда кескинликни келтириб чиқарди ва бундай вазиятларда одатда олтинга талаб ошади.

Баъзи кузатувчилар захираларни сақлаб қолиш мақсадида долларга муқобил излаётган мамлакатлар учун олтин жозибадорлигини қайд этишади. Бироқ, иқтисодчиларнинг фикрига кўра, Америка валютаси яқин ўн йилликларда захира мақомини йўқотиш хавфи остида эмас.

Ўзбекистон захиралари

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 1 март ҳолатида мамлакатнинг расмий захира активлари 35,36 млрд долларни ташкил этган. Мамлакат ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан 221,4 млн долларга ёки 0,63 фоизга ошган.

Февраль ойида мамлакат олтин захираларини камайтирганига қарамасдан, ялпи захиралар қарийб 1 млрд долларга ошган. Ялпи захиралар ўсиши хорижий валютадаги активлар ҳисобига (983 млн долларга ортган) тўғри келди.

Ўзбекистон 2021 йилнинг декабрь ойида 8,4 тонна олтин сотган. Ноябрь ойида ҳам мамлакат захираларни 21,5 тоннага камайтирган ҳолда, ой давомида энг кўп олтин сотган давлат бўлганди.

Ҳозирги кунда мамлакат ялпи захиралари таркибида олтиннинг улуши 58,6 фоизни ёки 20,72 млрд долларни ташкил этади. Унинг ҳажми эса 10,9 млн трой унцияга тенг.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг ялпи захира активлари (35,36 млрд) мамлакатнинг умумий ташқи қарзидан (1 январь ҳолатида 39,6 млрд доллар) ортда қолмоқда.