Google қидирув тизимида изланадиган сўровларни таҳлил қилувчи Google trends маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар 2021 йил 6 апрелдан 2022 йил апрелигача асосан Hyundai ва Kia брендларига тегишли автомашиналар билан қизиқишган.


Қайд этилишича, Google орқали Бухоро, Хоразм, Навоий, Самарқанд, Тошкент ва Андижон вилоятларида асосан Hyundai автомашиналари изланади. Кейинги ўринда турувчи Kia билан Жиззах ва Фарғона вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчилар кўпроқ қизиқади.

UzAuto томонидан ишлаб чиқарилаётган машиналар бренди ҳисобланган Chevrolet Сурхондарё ва Наманган вилоятларида автобрендлар хақидаги сўровлар ичида лидер ҳисобланади.

BMW`га асосан Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчилар қизиқса-да, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам ушбу брендга қизиқиш катта.

Тошкент шаҳрида яшовчиларни ҳам Kia`дан сўнг BMW ва Hyundai кўпроқ қизиқтиради.

Шунингдек, ўзбекистонликлар Tesla, Mercedes ва бошқа брендларга ҳам қизиқиш билдиришади, аммо санаб ўтилган бешта бренд энг юқори ўринларни эгаллаган.