Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Экологик назорат инспекцияси томонидан ўтказилган рейдда Тошкент шаҳри Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси бўйида ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олингани аниқланди.

Рейд давомида дарёнинг муҳофаза минтақасида 1 дона экскаватор ва 2 дона юк машинаси ёрдамида қум-шағал қазиб олиниб, ўрнига қурилиш бетон қолдиқлари жойлаштирилаётгани аниқланди ва транспорт воситалари воқеа жойида тўхтатилган.

Ўрганиш давомида бу ишлар «GRM» МЧЖга (корхона номи қисқартирилган) тегишли техникалар ёрдамида ҳеч қандай рухсатномасиз амалга оширилаётгани аниқланган.

Маълум бўлишича, Сергели тумани ҳокимининг 2019 йил 26 августдаги фармойишига асосан Сергели тумани Қурувчи даҳаси 25-уйда жойлашган 2,26 гектар ер майдони ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида «GRM» МЧЖга бириктириб берилган. Фармойишнинг 3-бандида мазкур ҳудудда дарахт ва гул кўчатларини экиш белгиланиб, 4-бандида бириктирилган ҳудудда қурилиш ва бошқа чиқиндиларни жойлаштириш жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Фармойиш талабларига амал қилинмагани оқибатида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг 22-моддаси ҳамда «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддаси талаблари бузилган. Табиатга қум-шағал қазиб олиниши оқибатида 21,4 миллиард, чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилиши натижасида эса 112,5 миллион сўмга яқин зарар етказилган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура хатига асосан Тошкент шаҳри, Сергели туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг бошқа бир қисмида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада дарёнинг муҳофаза зонаси ва қирғоқ бўйида тахминан 4 гектарга яқин майдонда қазиш ишлари амалга оширилгани маълум бўлди. Табиатга етказилган зарар миқдори эса қарийб 62,3 миллиард сўмни ташкил қилди.

Юқоридаги ҳар икки ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида барча ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 майдан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилди.