Коррупциявий жиноятларнинг ҳар учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилган. Бу ҳақда 5 апрель куни Олий Мажлис Сенатида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлисида Сенат раиси Танзила Нарбаева маълум қилди.

Сенат матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар беришича, 2021 йилда 5483 нафар шахсга нисбатан 3769 та коррупциявий жиноят ишлари судларга оширилган. Яъни судга юборилган жиноят ишлари ҳамда жавобгарликка тортилган шахслар сони ўртача 3 бараварга кўпайган.

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида сўнгги икки йилда 732 нафар шахс коррупциявий жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилган. 2020 йилда 302 нафар шахс коррупциявий жиноят содир этган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 430 нафарга етган.

«Коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилган кескин чоралар натижасида судга юборилган жиноят ишлари сони ўтган йилга нисбатан банк соҳасида 300 фоизга, таълим тизимида 120 фоизга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида 100 фоизга ортган», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганда, 70 та ҳужжатнинг 13 тасида (19 фоизи) 41 та коррупциявий омил мавжудлиги аниқланган.

«Таҳлилларга кўра, бугунги кунда, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда тўғридан-тўғри порахўрлик билан эмас балки, фирибгарлик йўли билан ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш кўринишидаги жиноятларни содир этиш ҳолатлари кўпаймоқда», — дея таъкидлади Танзила Нарбаева.

Албатта, бу билан жамоатчилик онгида коррупция билан боғлиқ жиноятчилик ортмоқда, деган бир томонлама фикр шаклланиши керак эмас, дея қўшимча қилди у.

Қайд этилишича, 2021 йилда Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 6 поғонага кўтарилиб, 180 та мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади ва 5 йил ичида муҳим ўзгаришларга эришган давлатлар қаторидан жой олди.

Шунингдек, Сенат раиси 2018−2021 йилларда давлат харидлари соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Таъкидланишича, давлат харидлари соҳасини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича 2020 йилда «йўл харита» қабул қилиниб, унда белгиланган вазифаларнинг 30 фоизи бажарилмагани аниқланган. Қолаверса, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганда 16 та ҳужжатнинг 12 тасида (75 фоизи) 46 та коррупциявий омил мавжудлиги аниқланган.

«2018−2021 йилларда давлат харидлари соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатлари билан боғлиқ 283 та жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг асосий қисми Сирдарё вилояти (56 та), Тошкент шаҳри (40 та), Фарғона (30 та) ва Навоий (26 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. Қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 272 та жиноят иши очилиб, 508 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари натижасида давлат манфаатларига 121,2 млрд сўмлик зарар етказилган», — дея таъкидлади у.

Мажлис якунида Миллий кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди ва 2022−2023 йилларда соғлиқни сақлаш, қурилиш, олий таълим ҳамда давлат харидлари тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш бўйича янги «йўл хариталари» тасдиқланди.

Мазкур лойиҳа доирасида шу вақтгача давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик базаси такомиллаштирилди, давлат харидлари бўйича махсус портал яратилди. Амалга оширилган операциялар натижасида 5,8 трлн сўм тежалгани айтиб ўтилди.