Тармоқларда мактаблардан бирида дарс вақтида орқа партадаги ўқувчилар қарта ўйнаб ўтиргани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.

Унда айтилишича, видеолавҳадаги воқеа 23 апрель куни Юнусобод туманидаги 235-сонли умумтаълим мактабида содир бўлган. 4 нафар 8-синф ўқувчиси тарих фани дарсида жараёнга халақит қилиб, қарта ўйнаган.

Бошқарманинг маълум қилишича, ушбу ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари мактабга чақиртирилиб, Миллий гвардия, ИИБ ходимлари, психолог ҳамда мактаб маъмурияти иштирокида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

Ўқувчиларнинг ота-оналарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосан жарима қўлланган. Синф раҳбари Н.Б.га нисбатан интизомий чора кўрилган.

Бошқарма бу каби ҳолатлар учун ўқитувчилардан кўра кўпроқ ота-оналар масъул эканини, аммо таълим муассасаларида мунтазам ўтказилаётган «Давомат», «Тиғ» каби тадбирлар уларнинг айримларига ёқмаётганини таъкидлади.

«Фарзандингизнинг фақат мактабга бориши эмас, балки унинг папкасида нималар борлиги, кўча-кўйда кимлар билан ўртоқлиги, дарсларни қандай ўзлаштираётгани билан ҳам қизиқсангиз, айни муддао бўлур эди. Уларнинг ўсмирлик даври ёшидаги ўзгаришлари, қизиқишларини назоратга олиш ва фарзандларимизга зарур шарт-шароитлар яратиш келгусида фақат етук инсонлар бўлиб улғайиши учун замин яратади, холос», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда фарзандининг таълим-тарбиясида масъулиятсизлик қилган 12 мингдан ортиқ ота-она жавобгарликка тортилган.