Merad Buildings, Nest One ва NRG компанияларининг асосчиси Мурод Назаров Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигидан кетди. Бу ҳақдаги кенгаш қарори e-qaror порталида эълон қилинди.

«Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига 39-Қозиробод сайлов округидан сайланган депутат Назаров Муроджон Тахирджановичнинг депутатлик ваколатлари ўз аризасига кўра муддатидан илгари тугатилган деб ҳисоблансин», — дейилади қарор матнида.

Қарор билан, шунингдек, Мурод Назаров халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси таркибидан ҳам чиқарилди.

Қарорга Тошкент шаҳар ҳокими, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзо қўйган.